Жиззахда Nexia машинасида ёнғин содир бўлди
Жиззах шаҳрида Nexia машинасида ёнғин содир бўлган ва у ўт ўчирувчилар томонидан ўчирилган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил 7 январ куни соат 19:15 ларда Жиззах шаҳри Ш.Рашидов шоҳкўчасида 1985 йилда туғилган фуқаро И.Р. бошқарувида бўлган Nexia машинасида ёнғин келиб чиққанлиги тўғрисида маълумот келиб тушган. Воқеа жойига дарҳол қутқарувчилар бўлинмаси юборилган.
Ёнғин ўчирувчилар ҳодиса рўй берган жойга соат 19:20 да етиб боришган. Қутқарувчилар томонидан ёнғин тезкорлик билан бартараф этилиб, катта моддий зарар кўрилишининг олди олинган. Ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган.
Дастлабки суриштирувда, ёнғин машинанинг мотор қисмида электр симларининг қисқа туташуви оқибатида рўй берганлиги аниқланган. Машинага 4 миллион сўмлик моддий зарар етган.