Жаҳон | 21:53 / 29.01.2022
44332
3 дақиқада ўқилади

Тўқаев январ воқеаларидан кейин илк марта интервю берди

Қозоғистон президенти январ воқеаларидан кейин илк марта интервю берди. Унда Қосим-Жўмарт Тўқаев террористлар Марказий Осиё шаҳарларининг биридан Алматига гастарбайтерлар кўринишида келгани, Назарбоев билан “савдолашиш” бўлмаганини айтди; ўзбек ва қозоқ олигархларини ўзаро таққослади.

Фото: Акорда

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев “Хабар 24” давлат телеканалига интервю берди. Унда Тўқаев январ ойидаги тартибсизликлар ҳақида гапираркан, бу воқеалар хорижда махсус тайёргарлик кўрган террористлар қўли билан амалга оширилган деб ҳисоблашини такроран таъкидлади.

“Бу – тинч бошланган намойишлардан тортиб, қотилликларгача ҳамма босқичлари режалаштирилган акция эди. Бу – профессионаллар томонидан ўйлаб чиқилган ва улар томонидан амалга оширилган яхлит операция эди.

Тинч намойишлар ҳақиқатан ҳам бўлди ва уларга нисбатан ҳеч қандай куч қўллангани йўқ, қўлланиши мумкин ҳам эмас. Лекин кейин уларнинг ўрнини ёш йигитлар, шунчаки хулиганлар эгаллади; улар полициячиларнинг қалқонларига ёпишди ва ҳоказо. Шундан кейин учинчи тўлқин бошланди: мародёрлар, қотиллар, зўравонлар. Асосийси, уларга махсус тайёргарликдан ўтган, профессионал жангчилар бошчилик қилди”, – деди президент.

Тўқаевнинг айтишича, Алмати аэропорти “Марказий Осиёдаги шаҳарларнинг биридан террорчиларни гастарбайтерлар кўринишида олиб кирилишини таъминлаш мақсадида” эгаллаб олинган. Бу жангарилар операцияларда қатнашгач, “худди шу тарзда ортга қайтарилган ва аэропорт топширилган”.

Давлат раҳбарининг фикрича, бўлиб ўтган воқеаларда ҳукумат “ахборий жиҳатдан ютқазган”. “Буни тан олиш керак. Ҳеч ким менинг буйруғим ва менинг ҳаракатларимни тайинли тушунтириб бермади. Мен қўл бошқаруви режимида қаерда чиқиш қилиш кераклиги бўйича топшириқлар бериб бордим. Ўтиб кетган сана ҳақида гапирганда ҳаммамиз ақллимиз, ўша пайтда кейин биз ҳақимизда ким нима дейиши ҳақида ўйлай олмадик... Фақат маълум вақт ўтибгина тушунтириш беришимга тўғри келди”, – таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Интервю давомида Қозоғистон етакчиси қозоқ олигархларини бадавлат ўзбекистонликлар билан таққослади.

“Мен Ўзбекистондан ташқарида катта пул ишлаб топган ўзбекистонлик бадавлат одамларни таққослайман. Улар ўз тарихий ватанларига қайтишяпти ва Ўзбекистон президентидан: “Биз ўзбек халқи учун нима қила оламиз, қандай ёрдам берайлик” деб, топшириқ беришни сўрашяпти. Ўз маблағларидан касалхоналар қуришяпти, инфратузилма яратишяпти. Ўзбекистонлик ва қозоғистонлик олигархлар ўртасидаги катта фарқ шунда, бизникилар ё шу ерда, ёки ҳатто хорижда туриб бўлса ҳам, ўз ватанларига “ҳужум қилишяпти”, – деди у.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан “савдолашиш” бўлгани ҳақидаги саволга жавобан, Тўқаев бундай бўлмаганини айтди.

“Ҳеч қандай савдолашиш бўлгани йўқ. Шахсий устунликлар ҳақида гап бўлмади. Ягона масала – Хавфсизлик кенгашидаги статус масаласи. Мен ҳозир халққа мурожаат қилиб, Хавфсизлик кенгаши раиси эканимни айтаман, дедим. Масала тезда ҳал бўлди”, – деди Қозоғистон президенти.

Мавзуга оид