Ўзбекистон | 08:47 / 11.02.2022
1311
1 дақиқада ўқилади

Навоийда истеъмолчилар томонидан “ақлли” ҳисоблагичларни ечиб олиш ҳолатлари кузатилмоқда   

Навоий вилоятида январь ойи давомида 14 та хонадонда истеъмолчилар “ақлли” газ ҳисоблагични ўзбошимчалик билан ечиб қўйиб, табиий газ тармоғига қўлбола усулда уланиб олганлиги маълум бўлди.

Фото: Hududgaz Navoiy

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали ахборот хизматининг хабар беришича, қоидабузарлик ҳолатларининг 5 таси Қизилтепа, 6 таси Кармана ва 3 таси Хатирчи туманида содир этилган. Бунинг оқибатида 38 418 м³ газ ўзбошимчалик билан сарф қилинган ҳамда таъминот корхонасига 14 млн 598 минг сўм моддий зарар етказилган. Ҳозирда қоидабузарларга нисбатан далолатнома расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилиш учун тегишли тартибда ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Таъкидланишича, вилоятда 106 923 та ҳисоблагич ўрнатиб бўлинган. “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг жисмоний шахсларга табиий газни етказиб беришни назорат қилиш бўлими ходимлари томонидан мунтазам равишда “веб биллинг” дастури орқали вилоят аҳолисининг кунлик истеъмол қиладиган табиий газ ҳажмлари таҳлили олиб борилиши йўлга қўйилган.

Мавзуга оид