«Ёшига тўлмаган» иномаркалар учун импорт божи икки босқичда пасайтирилмоқда
Ишлаб чиқарилган санасига 1 йил тўлмаган янги транспорт воситалари импорти учун божхона божи 30 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Автомобил двигателининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам пасайтирилди.
Бу тартиб президент Шавкат Мирзиёев томонидан 21 феврал куни имзоланган «Автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда акс этган.
Kun.uz'га расман тақдим этилган қарорга асосан, Ўзбекистонга автомобиллар импорт қилишда божхона божлари икки босқичда пасайтирилади. Қарор имзоланган пайтдан эътиборан бож ставкалари 30 фоиздан 15 фоизга туширилди, шунингдек автомобил двигатели қувватининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам ўртача икки баробар ва ундан кўпроққа камайтирилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб, автомобил двигатели қувватига боғланган қўшимча коэффициентлар яна бир бор икки ва ундан кўпроққа камайтирилади; шу билан бирга, 15 фоизлик асосий бож ставкаси ўзгаришсиз қолади.
Божхона божларининг пасайтирилиши фақат янги (ишлаб чиқарилган санасидан Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтган кунгача 1 йилдан ортиқ вақт ўтмаган) автотранспорт воситаларигагина тааллуқли.
Ишлаб чиқарилганига 1 йилдан 3 йилгача бўлган автомобиллар импорти учун аввалгидек 30 фоизлик божхона божи ва қўшимча коэффициент (ҳар бир куб см учун 3 доллардан) ҳисобланади. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган автомобиллар учун 40 фоизлик бож ва қўшимча коэффициентлар аввалгидек амал қилаверади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 14 феврал куни автомобилсозлик соҳаси бўйича йиғилиш ўтказиб, унда божларни икки баробарга пасайтириш топшириғини берган эди.
«Секин-секин божхона тўловлари нол бўлиши керак. Рақобат бўлиши керак, арзон ва сифатли [автомобиллар бўлиши учун]», — деган эди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
14:37 / 30.10.2024
Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми кетма-кет саккизинчи ой пасайди, сотувлар ҳам қисқарди
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
15:54 / 24.10.2024