Ўзбекистон | 19:58 / 22.02.2022
37055
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ер хусусий мулкка айланмоқда. Асосий саволларга жавоблар

Энди ўзингизга қарашли тижорий ёки яшаш жойингизни хусусийлаштиришингиз мумкин. Бу нимани англатади, хусусийлаштиришдан сизга нима фойда, қанча тўлаш керак? Kun.uz шу саволларга қисқа видеода, оддий тилда жавоб беради.

Ўзбекистонда ер хусусий мулкка айланмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлди. Бу борада тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди.

Ҳозирда сизнинг бирор бир кўчмас мулкингиз бўлса, у ердаги фақат бино-иншоот сизга тегишли, ер эса эса давлатники. Эндиликда ўзингизга тегишли кўчмас мулк жойлашган ерни давлатдан сотиб олиш мумкин бўлди.

Сиз нафақат ўзингизга тегишли ерларни хусусийлаштиришингиз мумкин, балки электрон онлайнга чиқариладиган бошқа ер участкаларини ҳам сотиб олиш имкониятига эгасиз.

Хўш, фуқаро ўзига тегишли бино жойлашган ер участкасини қандай хусусийлаштиради?

1-босқич. Давлат хизматлари марказлари (ДХМ)га ёки Ягона давлат интерактив портали (my.gov.uz) орқали ариза топширилади.

2-босқич. Ариза қонунчилик меъёрларига асосан кўриб чиқилади: яъни шу бино ҳақиқатан сизнинг номингизга кадастр қилинганми, бинони хусусийлаштириш шаҳарсозлик меъёрларига мос келадими, ер участкаси бугунги кунда ҳам реестрда мавжудми – шу каби жиҳатлар Кадастр агентлиги ва Қурилиш бўлимлари томонидан кўриб чиқилади.

3-босқич. Барча текширувлардан ўтгандан кейин, фуқарога тўловни амалга ошириш, яъни хусусийлаштириш ҳақида хабарнома юборилади.

Хусусийлаштириш бадали қанча?

Хусусийлаштириш тўлови ана шу ер участкаси учун ҳисобланган ер солиғининг 20 баробари миқдорида белгиланган. Бунда мол-мулк солиғи қўшиб ҳисобланмайди, айнан ер участкасига тўланадиган солиқ ҳисобга олинади.

Масалан, агар сиз бир йилда ҳовлингиз учун 200 минг сўм ер солиғи тўласангиз, фақат бир марта шу сумманинг 20 баробари миқдорида, яъни 4 миллион сўм бадал тўлайсиз ва ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритасиз.

Шу билан бирга, ер участкасини хусусийлаштириш сизни ер солиғи тўлашдан озод қилмайди. Ер солиғини худди аввалгидек тўлаб боришингиз лозим.

Хусусийлаштириш учун тўловни амалга оширганингиздан кейин ўша ер участкасига бўлган давлат ордери берилади. Ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқингизни давлат рўйхатидан ўтказади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий. Мажбуран хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Ер солиғининг 20 баробарини тўлаб, ер участкасини давлатдан сотиб олдингиз, бу сизга нима беради?  хусусийлаштиришнинг  фойдаларига тўхталамиз:

Ерга бўлган мулк ҳуқуқига эга бўласиз.

Дейлик, ҳовлингизнинг бир қисмини кимгадир ҳадя қилмоқчисиз ёки ярмини сотмоқчисиз. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ерни қисмларга бўлиб сотиш имконини беради. Қанчасини кимга сотиш мулкдор, яъни сизнинг хоҳишингиз.

Иккинчидан, ерни сиздан давлат олиб қўя олмайди, фақат сотиб олиши мумкин. Қонунчиликда давлатга тегишли ерлар ёки бошқа шахслар фойдаланишида бўлган ерлар олиб қўйилиши назарда тутилади. Мулк ҳуқуқидан бошқа 5та турдаги ҳуқуқ асосида тегишли бўлган ер участкалари олиб қўйилиши мумкин. Сиз ерингизга нисбатан мулк ҳуқуқини олишингиз билан (хусусийлаштириш орқали) давлат шунчаки сизга тегишли бўлган ерни олиб қўя олмайди.

Агар ер участкаси давлатга керак бўлса, сиздан бозор нархида, шартнома асосида сотиб олиши мумкин. Сиздан давлат ерингизни келишилган нархда сотиб олсагина, ер давлатга ўтади. Бу норма келгусида қанчалик ишлаши мустақил ва адолатли суд тизимига боғлиқлигини айтишимиз лозим.

Ерингизни эркин қўшиш, тақсимлаш ва ажратиш ҳуқуқига эга бўласиз.

Ер участкаларини қўшиб юбориш, ажратиш ва қайта тақсимлаш механизмлари бор. Бу механизмлар ер участкасига мулк ҳуқуқи бўлгандагина ишлайди.

Бунда, масалан, бир нечта мулкдор келишиб, ер участкаларини бирлаштирган ҳолда ўз нархидан 3-4 баробар қимматга сотиши мумкин.

Ердан гаров сифатида фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.

Ерга нисбатан мулк ҳуқуқини олганингиздан кейин ундан гаров объекти сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Ерни мулк сифатида банкка гаровга қўйиб, ипотека олиш имконияти ҳам юзага келади.

Бу мавзудаги бошқа маълумотлар “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун ва бу қонунни амалга ошириш бўйича ҳукуматнинг 71-сонли қарорида батафсил келтириб ўтилган.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид