Жаҳон | 18:14 / 24.03.2022
16557
4 дақиқада ўқилади

Россия Изюм эгалланганини, Украина Макаров қайтариб олинганини маълум қилди

Украина расмийлари Изюм учун жанглар давом этаётганини маълум қилишган.

Фото: Getty Images

24 март куни ҳолатига кўра россиялик ҳарбийлар Харков областидаги Изюм шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатган. Бу ҳақда РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков иштирокидаги брифингда маълум қилинган.

Вазирлик 24 мартга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар Украинадаги 60 та ҳарбий объектга, жумладан иккита қўмондонлик пунктига ҳужум қилгани, Киев яқинида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан 13 таси йўқ қилингани ва иккита дрон йўқ қилингани ҳақида айтган. Уруш бошланганидан буён берилган маълумотларга кўра, РФ Украинанинг 257 та учувчисиз учиш қурилмаси, 202 та зенит-ракета мажмуалари, 1 572 та танки ва бошқа турли жанговар машиналарини йўқ қилгани айтилган.

Ўз навбатида, Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов Изюм районида жанглар давом этаётганини маълум қилган. «Россияликлар ҳужумни кучайтираётган бўлса-да, Украина армияси барча ҳужумларни қайтармоқда, Украина қуролли кучлари Изюм яқинида русларнинг яна иккита самолётини уриб туширди», — дейилади унинг телеграмдаги постида.

Изюм — Харков областидаги учинчи йирик шаҳар ҳисобланади. 2020 йилги маълумотларга кўра, бу ерда 46 минг киши яшаган. Уруш даврида Изюм оғир жанглар кечаётган нуқталардан бирига айланди. Шаҳарнинг бир қисми буткул вайрон бўлгани айтилади.

Ўз навбатида, 23 март куни Украина ҳарбийлари Киев областидаги Макаров шаҳри устидан назоратни қайтариб олган.

«Кун мобайнида, бизнинг ҳимоячиларимизнинг қаҳрамона ҳаракатлари эвазига Макаров устида Украина давлат байроғи ўрнатилди, душман улоқтириб ташланди», дейилади Украина қуролли кучлари Бош штаби баёнотида.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда Киев области полицияси раҳбари Андрей Небитов автомат кўтарган ва зирҳли кийим кийган ҳолда аҳоли пунктини айланиб чиқаётгани акс этган видео тарқалди: кадрларда шаҳардаги биноларнинг кўпи қисман ёки тўлиқ вайрон бўлганини кўриш мумкин.

Макаровни шаҳар аҳолисининг деярли барчаси тарк этган, шаҳарда полиция фаолияти давом этмоқда.

Мариуполдаги вазият

Март ойи бошларида қамал қилинган ва россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилаётган Мариуполда тинч аҳоли вакилларидан камида 100 минг киши бор. Шаҳарда жанглар давом этмоқда.

100 минг киши рақами Россиядан бу одамларни эвакуация қилиш учун шароитларни таъминлашни сўраган Украина ҳукумати томонидан янграган.

Мариуполдаги вазият ҳақида Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида донецклик бизнесмен, шаҳардаги икки металлургия комбинатлари эгаси ҳисобланган Ринат Ахметов айтиб ўтган.

«Россия ҳарбийлари Мариуполни харобага айлантирди, мариуполликларни ўлдирди ва заводларни бомбардимон қилди. Ҳар қандай шароитда ҳам бу заводлар россияликлар учун ишламайди», деган у.

Ахметовнинг сўзларига кўра, «Азовсталь» заводлари ва Ильич номидаги Мариупол металлургия комбинат украиналик аскарлар қаҳрамонликлари туфайли ҳамон Украина назоратида бўлиб турибди.

«Ишончим комилки, кун келади, биз Украинани қайтадан қурамиз ва мен Украина тикланиб, кучли ва фаровон мамлакатга айланиши учун барча куч ва маблағларимни сарфлайман», деган у.

Мавзуга оид