Иқтисодиёт | 14:32 / 06.04.2022
24581
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий банки йирик миқдорда олтин сотди

Марказий банк февраль ойида 22 тонна олтин сотиб, ўз захираларини 339 тоннагача камайтирган. Бу 2020 йил декабрь ойидан кейинги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Фото: Bloomberg

World Gold Council жаҳон бозоридаги олтин олди-сотдиси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилнинг февраль ойида 22 тонна олтин сотиб, дунёда энг кўп олтин сотган давлатлар орасида етакчилик қилган.

«Февраль ойида Ўзбекистон 22 тонна олтин сотиб, ўз захираларини 339 тоннагача камайтирди. Бу 2020 йил декабрь ойидан кейинги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Шундай бўлса-да, мамлакат захира активларининг 59 фоизи ҳали ҳам олтин ҳиссасига тўғри келади», дейилади World Gold Council  шарҳида.

Олтин сотуви бўйича кейинги ўринларда Қатар (6 тонна), Қозоғистон (5 тонна), Мўғулистон (1 тонна) ва Германия (1 тонна) Марказий банклари қайд этилган.

Ўз навбатида, Туркия 25 тонна олтин сотиб олиб, захирасини 429 тоннага етказди. Ҳиндистон эса қўшимча 2,7 тонна олтин харид қилган ва умумий олтин захиралари 758 тоннага етди.

Ирландия (1 тонна) ҳам ой давомида йирик харидларни амалга оширган ва ўз захираларини 11 тоннага етказган.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2019 йилда 4,9 миллиард долларлик, 2020 йилда 5,8 миллиард долларлик, 2021 йилда эса 4,1 миллиард долларлик олтин сотган.

2022 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 35,36 млрд долларни ташкил қилган. Захира активлари таркибида олтиннинг физик ҳажми 10,9 млн троя унция, қиймати эса 20,72 млрд доллар.

Мавзуга оид