Жаҳон | 18:06 / 08.04.2022
51791
8 дақиқада ўқилади

Краматорск вокзалига ракета келиб тушди. Асосий тафсилотлар

Донецк областидаги Краматорск вокзалига ракета зарбаси берилиши оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлиб, 100дан ортиқ киши яраланди. Бу вақтда вокзалда шаҳарни тарк этиш учун 4 минг киши йиғилганди.

Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA

Украина темирйўллари бошқарувчиси бўлган «Укрзализныця» компанияси директори Александр Камишиннинг хабар беришича, вокзалга иккита ракета учиб келган.

«Бу темирйўл инфратузилмаси ва Краматорск шаҳри аҳолисига қасддан қилинган зарба», дея ёзади «Укрзализныця».

Украина хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ҳужум оқибатида қурбонлар сони 39 нафарни ташкил этмоқда, шундан 4 нафари болалар. Дастлабки маълумотларга кўра, камида 100 киши яраланган.

Телеграм-каналларда тарқалган фотосуратлар ва видеоларда вокзал майдони жасадлар ва қон билан тўлгани акс этган.

Вокзал биноси олдидаги жасадлар. Фото: HERVE BAR/AFP

Украина миллий полицияси маълумотига кўра, ракета кутиш залига келиб тушган: бу ерда эвакуация поездини кутаётган юзлаб кишилар тўпланганди.

«Ҳозирда воқеа жойида полициячилар, қутқарувчилар, портловчи қурилмалар билан ишловчи мутахассислар ва тиббиёт ходимлари ишламоқда. Қурбонлар кўп, улар орасида болалар ҳам бор. Ёрдамга муҳтожларга керакли ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади хабарда.

Краматорск мэри Александр Гончаренко россиялик ҳарбийлар вокзалга олдиндан белгиланган вақтда атайлаб зарба бергани ҳақида айтмоқда. «Поездлар жўнатилиши соат 10 да бошланади ва босқинчилар қасддан майдонда 4 мингга яқин киши тўпланган вақтда зарба берган», дейди у телеканаллардан бирининг эфирида.

Унинг сўзларига кўра, Краматорскдаги шифохоналар темирйўл вокзалига берилган авиазарбадан яраланган беморларга ёрдам кўрсатишга улгурмаяпти. «Кўплаб одамлар оёқсиз, қўлсиз қолган. Уларни бир вақтнинг ўзида 30-40 нафар жарроҳ операция қилмоқда», деган у.

Мэр ракетанинг қолдиқлари зарба эпицентридан 40 метр узоқликдан топилганининг ўзи авиазарбанинг қандай юқори кучга эга бўлганини англатишини қайд этган. 

Вокзалга ракета зарбасидан кейин ёниб кетган автомобиллар
Herve BAR / AFP / Scanpix / LETA

Донецк области губернатори Павел Кириленко Телеграм-каналида дастлаб зарба Россиянинг «Искандер» ракетаси билан берилгани ҳақида ёзди. Кейинроқ у аниқлик киритиб, гап «Точка-У» ҳақида кетаётганини айтди: «Аммо бу моҳиятни ўзгартирмайди, чунки россияликлар қаерга зарба бераётганини аниқ билишган».

Володимир Зеленский ҳам вокзалга «Точка-У» келиб тушганини тасдиқлади.

«Россия йиртқичлари ўз методларидан чекинмаяпти. Жанг майдонида бизга қарши туришга куч ва жасорат топилмагач, улар беорлик билан тинч аҳолини йўқ қилишмоқда», дея ёзган Украина президенти.

Зеленский ракеталардан бирининг қолдиқлари акс этган видеони эълон қилган. Ракетада «За детей» ёзувини кўриш мумкин.

Айни вақтда Краматорск станцияси поездларни қабул қилишни тўхтатган. Донецк областидаги бошқа бир шаҳар Славянскдан эса темирйўл орқали кетиш имкони бор.

Краматорскдаги портлаш гувоҳлари нима демоқда

Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 39 нафар. Фото: FADEL SENNA / AFP

Бепул озиқ-овқат етказиб берувчи World Central Kitchen хайрия ташкилоти ижрочи директори Натан Мук ракета зарбасидан бир неча дақиқа олдин станцияда бўлган. «Биз вокзалдаги эстакада олдидан ўтдик, у ерда минглаб кишилар тўпланганди. Кеча ва ундан олдинги кунлари ҳам одам кўп эди», дейди у BBC билан суҳбатда.

Мукнинг айтишича, бир неча дақиқа ўтиб у бир неча портлаш овозларини эшитган. «Эшитганингиздан олдин ҳис қиласиз. Портлаш сизни ичкаридан силкитади», дейди Натан Мук.

«Бизнинг омборхонада турган йигитлардан бири Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталардан бирини уриб туширганини кўрган», дея қўшимча қилади у.

Кўп ўтмай Натан Мук вокзалга борган: у автотураргоҳда ётган ракета парчаларини, деразалар синиб кетгани ва ўнлаб кишилар ерда қонга беланиб ётганини кўргани ҳақида айтади. «Тез тиббий ёрдам бригадалари воқеа жойига зудлик билан етиб келган, улар яраланганларга ёрдам кўрсатишмоқда», деган у.

«Точка-У»

Россия мудофаа вазирлиги Краматорскка берилган ракета зарбасига алоқаси йўқлигини, 8 апрель куни Россия қуролли кучларида Краматорск шаҳрига ўт очиш вазифаси бўлмаган ва режалаштирилмаганини маълум қилган.

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР раҳбарияти ҳам Краматорскка «Точка-У» билан зарба берилганини айтган. Аммо ДХР версиясига кўра, вокзалга зарбани украиналик ҳарбийлар йўллаган, айирмачилар бу ҳодисани провокация деб атади.

«Краматорскдаги маҳаллий аҳоли эвакуация қилинаётган темирйўл вокзали ҳудудига ракета зарбаси берилди. «Точка-У» ракетаси парчалари темирйўл вокзалига яқин жойга қулаган. Ушбу эскирган совет ракета тизими ДХР, ЛХР ва Россия Федерациясида хизмат кўрсатмайди. Ундан украиналик жангарилар фаол фойдаланмоқда», дейилади ДХР томони хабарида.

Россия ҳарбийлари ҳам «Точка-У» ракеталаридан фақат Украина қуролли кучлари фойдаланишини маълум қилган.

«Точка-У» — советлар даврида ишлаб чиқарилган оператив-тактик ракета комплекси ҳисобланади. Россия мудофаа вазирлиги 2017 йилда кейинги уч йил мобайнида қуролли кучлардан «Точка-У» ракеталарини йиғиштириб олиш ва уларни «Искандер»га алмаштириш режаси ҳақида эълон қилганди. «Точка-У» мажмуаларини эса сақлаб қўйиш режалаштирилган.

Украина қуролли кучлари эса «Точка-У» ракета тизимларидан ҳозиргача фойдаланиб келади. ДХР ҳукумати 14 март куни айнан шу ракета орқали Донецкка зарба берилгани ва бу ҳужум оқибатида шаҳарда 20 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди.

Аммо Украина ҳукумати ва ОАВ Россия кучлари ҳам бу урушда «Точка-У»дан фойдаланиб келаётгани ҳақида хабар берган, бу россияликларда «Искандер» етишмовчилиги билан изоҳланган. 6 март куни Conflict Intelligence тадқиқотчилари жамоаси ракеталарнинг кўп қисми нисбатан замонавий бўлган «Искандер» ракеталарига алмаштирилганига қарамай, Россия қуролли кучларида бундай ракеталардан фойдаланиш давом этаётганини маълум қилганди.

Қолаверса, РФ мудофаа вазирлиги ҳам февраль ойида Россия-Беларусь қўшма машғулотларида «Точка-У» мажмуаларидан жанговар ракеталар учирилгани ҳақида хабар берганди.

Украина нашрлари 8 апрель куни соат 10:24 ва 10:25 ларда — вокзалга ракета зарбалари ҳақидаги илк хабарлардан 20 дақиқа олдинроқ — «Типичный Донецк» Телеграм-каналида ракета учирилиши акс этган икки видеога эътибор қаратмоқда. Бу роликлар ДХР назоратидаги Шахтёрск шаҳрида олинган. 

Шунингдек россияпараст Телеграм-каналларда 7 апрель куни кечқурун ва 8 апрель тонгида Славянск, Краматорск ва атрофдаги аҳоли пунктларини тарк этиш, лекин «темирйўл транспортидан фойдаланмаслик» тавсия қилинган хабарлар берилган, бу хабарларда «Украина қуролли кучларига қарши иш олиб борилиши» қўшимча қилинган. Краматорск вокзалидаги ҳодисадан кейин бу хабарлар ўчириб юборилган.

Краматорск вокзалидаги вазият охирги кунларда қандай кўринишда эди?

Сўнгги кунларда Украина ҳукумати Луганск ва Донецк областлари аҳолисига мурожаат қилиб, Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланаётгани муносабати билан хавфсиз жойларга кетишга чақирганди. Катта эҳтимол билан шу мурожаат туфайли вокзалда кўп одам тўпланганди.

Мавзуга оид