Ўзбекистон | 15:15 / 10.05.2022
17371
6 дақиқада ўқилади

Бухоро муҳандислик-технология институтида 4 млрд сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги институтда ўтказган ўрганишлар давомида молиявий ҳужжатлар қонунчиликка зидлиги, бюджет маблағлари ноқонуний сарфланиши, иш ҳақи ва стипендия тўловлари нотўғри тўлангани ҳамда давлат харидларида қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Бундан ташқари, институт ректори Н.Баракаев ходимларни ишга олишда қариндош-уруғчиликка йўл қўяётганлигига доир мурожаатга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эътибор қилмаган.

Фото: Бухоро муҳандислик-технология институти

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўзига келиб тушган мурожаат асосида Бухоро муҳандислик-технология институтида ўтказилган коррупцоген ҳолатлар юзасидан ўрганиш бўйича натижаларни маълум қилди.

Хусусан, давлат харидлари бўйича:

  • Институтнинг 2-корпуси фасад қисмини капитал таъмирлаш бўйича эълон берилмасдан, танловларсиз 1,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари тўғридан тўғри «Fast Quality Building» МЧЖга шартномасиз бериб юборилган. Ушбу ташкилот Соғломлаштириш марказида 303,9 млн сўмлик ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган.
  • Институт 1-биносининг 5-қаватида «Vobkent San-tex stop montaj servis» МЧЖ томонидан амалга оширилган 2,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари якунланган. Бироқ тугалланган ишлар комиссия томонидан қабул қилинмаган ва унинг кафолат муддати тугамаган бўлса-да, пудратчига 91,5 млн сўм маблағ олдиндан тўлаб берилган.

Маблағларнинг ортиқча сарфланиши бўйича:

  • Масъуллар томонидан 18 нафар магистрант ва 7 нафар талабанинг имтиҳонда олган «4» баҳолари қайдномаларга кўчирилишида «5» баҳога ўзгартирилганлиги натижасида 14,7 млн сўмдан зиёд стипендиялар ортиқча тўланганлиги аниқланди.
  • Ассистент-ўқитувчиларга 71 та ҳолатда катта ўқитувчи лавозимига белгиланган жами 50,5 млн сўмлик ортиқча иш ҳақи тўланган.

Меҳнат қонунчилиги бўйича:

  • 0,50 ҳисса ташқи ўриндошлик асосида ишловчи кафедра профессори Х.Камилова текширув кунига қадар ишга келмаган бўлса-да, унга январь ойида 4,3 млн сўмлик иш ҳақи ҳисобланиб, мажбурий ушланмалар сақланган ҳолда 3,7 млн сўм тўлаб берилган.
  • 0,50 ҳисса профессор лавозимида ишловчи Р.Гуляев ўқув йили юклама жадвалида қайд этилмаган бўлса ҳам, унга табель тўлдирилиб,
  • 2021 йил сентябрь ойидан 2022 йил февраль ойига қадар 18,3 млн сўм иш ҳақи ҳисобланган, мажбурий сақланмалар ушлангандан сўнг 15,9 млн сўм иш ҳақи тўланган.
  • Ташқи ўриндошлик асосида ишловчи сиртқи бўлим услубчиси Умида Шарипова ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ходими Анвар Жўраевларнинг асосий иш жойидан маълумотнома олинмаган. Дилором Эргашева бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмасисиз диспетчер лавозимига қабул қилинган. Доцент лавозимида ишловчи институтнинг академик лицейи директори Эминжон Ҳалимов асосий иш жойида 126,6 соат ишда бўлмаган.

Қариндош-уруғчилик алоқалари борасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги бўйича:

  • «Машинасозлик технологияси» кафедраси мудири Насрулло Ўриновнинг қўл остида унинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Саидова катта ўқитувчи, акаси Абдулло Ўриновнинг ўғли Уйғун Ўринов доцент лавозимида, шунингдек, «Менежмент» кафедраси мудири Шербек Ҳайитовнинг қўл остида турмуш ўртоғи Шаҳло Примова ва синглиси Ирода Ҳайитовалар ўқитувчи-стажёр лавозимида ишлаётганлиги маълум бўлди.
  • Бундан ташқари, институтдаги 34 нафар тюторларнинг 20 нафари ёшлар билан ишлашда етарли тажриба орттирмаган ҳамда етарли педагогик стажга эга эмас. 29 нафар ходим катта ўқитувчи лавозимига ноқонуний қабул қилинган.

Табақалаштирилган тўлов, таълим дастурлари ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилиш бўйича:

  • Давлат тест маркази хулосасига кўра, 67 нафар абитуриентнинг табақалаштирилган тўлов-контрактлари миқдори буйруқларда белгиланмаган.
  • Ўрганишда қўшма таълим дастурлари асосида таълим йўналишларига қабул қилинган 19 нафар абитуриентнинг иккинчи босқич бўйича тест синовларида иштирок этишлари учун танлаган таълим йўналишлари ва ўқишга қабул қилишда буйруқ билан белгиланган таълим йўналишлари бир-бирига мос келмаслиги аниқланди.
  • «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» таълим йўналиши бўйича тест синовида иштирок этган 5 нафар абитуриент «Дастурий инжиниринг» таълим йўналишига ўқишга қабул қилинган.
  • Шу билан биргаликда стажёр-тадқиқотчиликка ўқишга қабул қилиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон берилмаган. Электрон тизим орқали ҳужжат топширмаган фуқаролар тўғридан тўғри аризалари асосида стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилинган, уларнинг аризалари қайд китобидан рўйхатдан ўтказилмаган. Институтда техник ходимларни ишга олиш тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари, институт ректори Н.Баракаев институтга ходимларни ишга олишда таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл қўяётганлиги, жумладан, ўзининг яқин ва узоқ қариндошларини ишга олиб, уларга устама белгилашда ижтимоий адолат мезонларини бузаётганлиги бўйича институт ходимлари томонидан Агентликка мурожаатлар келиб тушган.

«Ушбу мурожаатларда Н.Баракаев турмуш ўртоғи Нодира Иброҳимовани катта ўқитувчи, опасининг қизи Райҳон Валиевани 1,5 ҳисса иш юритувчи ва диспетчер, қайнсинглисининг қизи Умида Шариповани сиртқи бўлим услубчиси ва божаси Илҳом Бафоевни бош аудитор лавозимига ишга олганлиги, шунингдек, И.Бафоевга 200 фоиз миқдорида иш ҳақига устама белгилаб келганлиги баён этилган эди.

Агентлик томонидан мазкур мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилган бўлишига қарамай, ўрганиш кунига қадар бу масалалар ўз ечимини топмаган. Натижада ушбу ҳолатлар ариза муаллифларининг ҳақли эътирозларига ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда», – дейилади агентлик баёнотида.

Мурожаат асосида институтда ўтказилган ўрганишларда 4 млрд сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Мавзуга оид