Жамият | 14:12 / 16.05.2022
19008
2 дақиқада ўқилади

Дарс пайтида 9-синф ўқувчисини дўппослаган сурхондарёлик ўқитувчи ишдан бўшатилди

Ўқувчини дўппослаган ўқитувчи ва мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари ишдан бўшатилган. Директорнинг ишда қолиш-қолмаслиги масаласи эса кўриб чиқилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бандихон туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи ўқувчилардан бирини дўппослаб тепгани тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан бош прокуратура матбуот хизмати маълумот берди.

Унда ёзилишича, 2022 йил 22 апрель куни Бандихон тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Шерзод Юсупов 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келгани учун уни уриб, тепган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Бандихон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Текширув ҳаракатлари Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг Kun.uz’га хабар беришича, дарсга тайёр бўлмаган ўқувчини дўппослаб тепган ўқитувчи Шерзод Юсупов ҳамда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Соат Ортиқов билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Мактаб директорини ҳам лавозимидан озод қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ, ҳодиса юзасидан муносабат билдирган Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати вазирлик ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан куч ишлатишини қаттиқ қоралашини маълум қилганди.

Мавзуга оид