Ўзбекистон | 13:23 / 20.05.2022
10879
3 дақиқада ўқилади

Бекатларда дўконлар очиш тақиқланиши мумкин, бунга Савдо-саноат палатаси қарши  

Транспорт вазирлиги ишлаб чиққан Президент қарори лойиҳасида транспорт соҳасига оид бир қатор янгиликлар кутилмоқда. Савдо-саноат палатаси лойиҳанинг айрим қисмлари тадбиркорлар манфаатларига зид бўлгани учун қарши позиция билдирмоқда. 

Фото: Kun.uz

Транспорт вазирлиги ишлаб чиққан “Ҳудудларда йўловчи ташиш тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди, дея хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси.

Жамоатчилик экспертизаси хулосалари ҳужжатнинг бир нечта бандларини инкор қилди.

Лойиҳада 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган оралиқ бекатларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш тақиқланиши белгиланган.

Бунда оралиқ бекатларда фақатгина реклама воситаси, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга мўлжалланган ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматларини жойлаштиришга рухсат этилади.

“Бироқ юқорида келтирилганидек, ушбу чекловни жорий этиш сабаби ва асоси ҳам лойиҳа ижрочиси томонидан келтирилмаган, халқаро тажриба тақдим этилмаган.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда республикада бизнес муҳитни ривожлантириш, соҳага аҳолини кенг жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу каби чекловларни жорий этиш эса тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши, мамлакатдаги бизнес муҳити ёмонлашишига олиб келиши мумкин”, — дейилади  экспертиза хулосасида.

Шунингдек, лойиҳада 2022—2026 йилларда автовокзал ва автостанцияларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланиши кўзда тутилмоқда. Бунда уларни қуриш ва реконструкция қилиш тадбиркорлар маблағидан амалга оширилиши белгиланган.

“Бироқ лойиҳанинг ушбу банди ҳозирги кунда тадбиркорларга тегишли бўлган объектлар ҳам реконструкция қилинишини талаб қилишга олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, мазкур иловада ҳудудлардаги айнан қайси объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш аниқ белгиланмаган. Бу эса мазкур ҳолатни турли талқин қилиш имконини беради. Шу боис амалиётда тадбиркорлик субъектларига ортиқча мажбуриятлар юклашнинг олдини олиш мақсадида 3-иловада фақат янги қуриладиган ҳамда бўш турган автовокзал ва автостанциялар қуриш ва реконструкция қилинишини назарда тутиш лозим”, — дейилади хулосада.

Бундан ташқари, лойиҳанинг чуқур таҳлил қилинмаган бешинчи бандини чиқариб ташлаш тавсия қилинган.

Аввалроқ, Асаларичилар уюшмаси аъзоларига алоҳида имтиёзлар берилиши борасида ҳам жамоатчилик экспертизаси хулосаси эълон қилинганди.

Мавзуга оид