Ўзбекистон | 11:57 / 20.05.2022
18675
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди

2022 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг «хавфсизлик ёстиқчаси» 35,9 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу рекорд кўрсаткичдир.

Фото: Reuters

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

2022 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,9 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 35,1 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 790 млн долларга ошганини кўрсатмоқда.

Апрель ойи давомида олтиннинг физик ҳажми 10,9 млн троя унциядан 11,1 млн троя унцияга (тахминан 6,2 тонна), қиймати эса 20,8 млрд доллардан 21,3 млрд долларга ошган.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари ҳам 13,1 млрд доллардан 13,5 млрд долларга кўпайган.

«Ўзбекистон халқаро захиралари 2022 йил бошидан бери 761,6 млн долларга ёки 2,2 фоизга ошди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1915,45 долларгача ўсишининг таъсири 1,3 млрд долларни ташкил қилди», дейилади Марказий банк изоҳида.

Захиралар мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳам ҳисобланади – улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Мавзуга оид