Ўзбекистон | 10:36 / 20.07.2022
10998
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кўпайди

Июнь ойида Ўзбекистон халқаро захираларининг валюта қисми 157,5 млн долларга, олтин қисми эса 39,8 млн долларга ошди.

Фото: Getty Images

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

2022 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,58 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун бу кўрсаткич 2022 йил 1 июнь ҳолатига кўра, 35,4 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари қарийб 180 млн долларга ошганини кўрсатмоқда.

Июнь ойи давомида олтиннинг физик ҳажми сезиларли миқдорда: 11,4 млн троя унциядан 11,7 млн троя унцияга ( тахминан 9,33 тонна), қиймати эса 21,18 млрд доллардан 21,22 млрд долларга ошган.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 13,15 млрд доллардан 13,3 млрд долларга ёки 157,5 млн долларга ошган.

“Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 444,3 млн долларга ёки 1,3 фоизга ошди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1813,6 долларгача ўсишининг таъсири 168 млн долларни ташкил қилди”, дейилади Марказий банк изоҳида.

Захиралар мамлакатнинг “хавфсизлик ёстиқчаси” ҳам ҳисобланади – улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Мавзуга оид