Андижон шаҳар ҳокими эски лавозимида шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани маълум қилинди
Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг атиги 23 фоизи қопланган.
Kun.uz ихтиёрига Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича киритилган тақдимнома Кенгаш йиғилишида ўқиб эшиттирилгани акс этган аудио келиб тушди (аудио таҳририятда мавжуд).
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимномада Андижон шаҳар ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган молиявий жиноятлари учун терговга тортиш масаласи кўтарилган.
Маълум қилинишича, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Хусусан, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров (амалдаги Андижон шаҳар ҳокими) ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 миллиард сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 миллиард маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берган.
Шунингдек, Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани натижасида 6,8 миллиард сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмаган.
«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича етказилган 48,5 миллиард сўмлик зарарнинг атиги 11,2 миллиард сўми, яъни 23,1 фоизи ҳозирга қадар ундирилган.
Юқоридагиларга кўра Ҳайдаровнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги, уларнинг оқибатлари бартараф этилмагани, яъни етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмагани кўрсатиб ўтилган», – дейилади Бош прокуратура тақдимномасида.
Баҳромжон Ҳайдаров аввалроқ ҳоким сифатида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтиргани маълум қилинган эди. Бир вақтнинг ўзида депутат ҳисобланган ҳокимни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Андижон вилояти прокуратураси томонидан 2022 йил 3 февраль куни Халқ депутатлари вилоят кенгашига киритилган тақдимнома тақдири юзасидан жамоатчиликка маълумот берилмаган.
Бугунга қадар Андижон шаҳри ҳокимининг ноқонуний ер ажратгани, фуқароларни ҳақорат қилгани ва бошқа масалаларда қонунга зид хатти-ҳаракатлари жамоатчилик томонидан кескин қораланиб келмоқда.
Мавзуга оид
18:09 / 13.09.2024
Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди
14:38 / 12.09.2024
Андижонда дарсга кеч келган қизлар жазо сифатида ўтириб-турғазилди. Бу мумкин эмас
12:19 / 10.09.2024
Андижонда ҳомиладор аёлнинг вафоти бўйича прокуратура текширув ўтказади
16:06 / 09.09.2024