Ўзбекистон | 17:26 / 03.06.2022
11672
4 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилмаганини айтди

30дан ортиқ давлатда қайд этилган маймун чечаги касаллиги Ўзбекистонда ҳозирга қадар қайд этилмади, бироқ буни эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди, деди Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков.

 Фото: АОКА

“Маймун чечаги аниқланган давлатларда бўлмаслик, бўлса ҳам бошқа инсонлар билан мулоқот қилмаслик ва маймунлар бор жойларга бормаслик орқали бу касалликдан сақланиш мумкин. Бу касалликнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимолдан холи эмас”, деди Отабеков 3 июн куни АОКАдаги матбуот анжуманида.

Унинг қўшимча қилишича, маймун чечаги вируси мутация бўлиш эҳтимоли жуда кам. Вирус қандай бўлса, шундай хусусият ва шаклда қолади.

“Касалликнинг манбайи билан рўбарў келмаган инсонларнинг касалликка чалингани бўйича шубҳа қилиш керак эмас. Ёши катта инсонларнинг маймун чечаги билан оғриш эҳтимоли паст”, деди эпидемиолог.

Нурмат Отабековга кўра, маймун чечагига қарши вакцина мавжуд эмас, фақат чин чечакка қарши вакцина билан маймун чечагига қарши 85 фоиз ҳимояланиш мумкин.

“Вируснинг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш учун чегараларда санитария-карантин пунктлар фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда давлат чегараларининг кесишиш жойларида 54 та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан 36 таси автомагистрал йўлларида, 11 таси халқаро аэропортларида, 6 таси темирйўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган.

Маймун чечаги юққанини гумон қилган ёки аниқланган вақтда фуқаронинг биринчи навбатда қиладиган иши бу – ҳудудий амбулатория клиника муассасаларига ахборот бериши керак. Маймун чечаги 98 фоизгача енгил кечади. Бу касалликни стационар даволашга эҳтиёж йўқ.

Бизда дори-дармон базаси етарли. Дунё миқёсида чин чечакка қарши 200 млн дозадан ортиқ вакцина мавжуд. Aгар шу вакциналардан фойдаланишга эҳтиёж сезилса, ундан фойдаланиш бошланади”, деди СанЭпид хизмати бошлиғи ўринбосари.

Нурмат Отабеков, шунингдек, хавф гуруҳлари ҳақида ҳам маълумот берди.

“Барча ёшдаги аҳоли қатлами хавф ости гуруҳларига мансуб бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги ҳолатда маймун чечаги ва Африка мамлакатларига хос касаллик, аксарият ҳолларда айнан мана шу ерда тарқалиб, ўша ернинг ўзида жиловланадиган касаллик, қолаверса, бир-иккита шахслар орқали бошқа мамлакатларга олиб борилиши мумкин. Шу нуқтайи назардан айтадиган бўлсак, бемор одамлар, шунингдек, шу касаллик билан оғриган ҳайвонлар билан мулоқотда бўлган ва чин чечакка қарши эмланмаган аҳоли қатлами хавф ости гуруҳларига мансуб бўлиши мумкин.

Агарда маймун чечаги Ўзбекистонга кириб келадиган бўлса, биринчидан, бу касалликнинг мамлакат бўйлаб кенг тарқалишига ҳеч қандай асос кўрмаяпмиз. Касаллик кирган вақтда уни юқтириб олган одамларни тезда аниқлаб олиш, бу фуқаро билан мулоқотда бўлганларни кузатув остига олиш ва уларни соғлом аҳоли қатламидан ажратиш орқали бу касалликни жиловлаш мумкин”, деди мутахассис.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 31 май ҳолатига дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида жами 550 нафар фуқарода маймун чечаги қайд этилган. АҚШ, Канада, Австралия, Испания, Португалия, Буюк Британия шулар жумласидан.

Мавзуга оид