Ҳайдаров ҳибсдалиги пайтида 26та ҳужжатни ҳокимлик ходими имзолагани маълум бўлди
Андижон шаҳри ҳокимлиги девонхонаси мудири ҳибсдаги ҳокимнинг электрон рақамли имзоси ёрдамида 26та қарор ва фармойишга унинг номидан имзо чеккан. Вилоят адлия бошқармаси ҳолат юзасидан прокуратурага хабар берилишини маълум қилди.
Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг 6 ва 7 июн кунлари қабул қилган қарор ва фармойишларнинг қонунийлиги ўрганилмоқда. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси маълум қилди.
Аввалроқ Kun.uz хабар берганидек, ҳоким 6 июн куни қўлга олиниб, 7 июнда суд ажрими билан қамоққа олинган, шу икки кун давомида у томонидан имзоланган дея кўрсатилган 26та ҳужжат E-qaror тизимига жойлаштирилган.
Адлия органининг ўрганишича, 6 июн куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июн куни 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С.Қодиржонов ҳоким Ҳайдаровга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда “E-qaror” платформасида 26 та қарор ва фармойишни имзолаган.
Адлия вазирлиги кўрсатмасига асосан, Ҳайдаровнинг “E-qaror” электрон тизимидаги шахсий кабинети “Uzinfocom” МЧЖ мутахассислари томонидан блокланди.
“Ушбу жараёнда ҳужжатларни сохталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Ҳар бир қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганиб бўлмагунча, уларни ижрога қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан тегишли ижрочи органларга хабарлар берилди”, – дейилади Андижон вилояти адлия бошқармаси ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, Баҳром Ҳайдаров аввалги лавозими – Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи сифатида жиноий шериклари билан бюджетнинг 48 млрд сўмини талон-торож қилишда гумонланяпти.
6-7 июн кунлари унинг номидан 26та ҳужжат имзоланган бўлиб, улардан 19таси – ер участкаларини онлайн аукционга чиқариш ҳақида. 7 июн кунги президент селекторида ер участкаларини онлайн аукционга чиқаришни тезлаштириш бўйича топшириқ берилганди.
Маълумот учун, Ҳайдаров ва бошқа гумондорлар устидан очилган жиноят иши доирасида вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳам қўлга олинган.
Мавзуга оид
18:09 / 13.09.2024
Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди
14:38 / 12.09.2024
Андижонда дарсга кеч келган қизлар жазо сифатида ўтириб-турғазилди. Бу мумкин эмас
12:19 / 10.09.2024
Андижонда ҳомиладор аёлнинг вафоти бўйича прокуратура текширув ўтказади
16:06 / 09.09.2024