Андижонда ИИБ ходими репортаж тайёрлаётган мухбирнинг телефонини куч ишлатиб тортиб олгани айтилмоқда
Human.uz сайти хабар беришича, сайт мухбири репортаж тайёрлаш жараёнида ИИБ ходими қаршилигига учраган. Тортиб олинган телефон қайтариб берилмаган, мухбирдан ундаги кадрларни ўчириш талаб қилинмоқда.
Андижон шаҳрида ИИБ ходими шакар савдосини суратга олаётган Human.uz ходимининг хизмат телефонини куч ишлатиш йўли билан тортиб олган. Бу ҳақда сайт ўз телеграм саҳифасида хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 13 июн куни соат 9:50 да Андижон шаҳар «Янги бозор» савдо мажмуасида Андижон ИИБнинг Илёс исмли ходими шакар савдосини суратга олаётган Human.uz ходимининг хизмат телефонини куч ишлатиш йўли билан тортиб олган ва унинг фаолиятига тўсқинлик қилган.
«Бир қанча уринишлардан сўнг ҳам смартфон қайтариб берилмаяпти. Мақсад ИИБ ходимининг куч ишлатгани ҳамда телефонни тортиб олгани суратга олинган видеони ўчириб ташлаш экан», – дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов муносабат билдирди. Унда келтирилишича, Андижон шаҳар «Янги бозор» савдо мажмуасида одамларга навбат билан арзонлаштирилган шакар сотиш жараёнида, фуқаро Ж.Абдуллаев (сайт мухбири) одамларнинг навбат талашишини тасвирга олиши вақтида фуқаролар томонидан уларнинг юзлари тасвирга олинишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган.
Жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш мақсадида, бозор ҳудудига бириктирилган ички ишлар органлари ходими томонидан Ж.Абдуллаевга фуқароларнинг розилигисиз уларни тасвирга олмаслик тушунтирилган.
Ҳозирда, шакарга навбатда турган фуқаролар ва Ж.Абдуллаев ўртасидаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа иштирокчилари ИИБга олиб борилган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ОАВ вакилларига нисбатан содир этилган сўнгги икки ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
«Севимли» телеканали ижодий гуруҳига нисбатан бўлган ҳолатни мутлақо қоралайман. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳолатни ўрганиб, айбдорларни жазолаши шарт. Қуруқ гапни айлантириш ечим эмас. Безорини матбуотдан ажрата олмайдиган ходимлар фақат тизим учун зарар.
Шунингдек Human.uz сайти атрофидаги ҳолатга ҳам ойдинлик киритилиши, журналистларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўйилмаслиги керак.
АОКА ташкилоти ҳам ўз ваколати доирасида фаол фаолият юритиши, унинг мақсад ва вазифалари матбуотни қўллаш, уларни ҳимоя қилиш эканлиги норматив ҳужжатларда аниқ ёзиб қўйилганлигини эслатиб қўймоқчиман.
Журналистлар уюшмасини ҳам янада фаол бўлишга чақираман. Бу институтлар шундай пайтда ўзини кўрсатмаса, яна қачон уларни сезамиз», деган у.
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
13:55 / 09.10.2024
Шакар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди
18:09 / 13.09.2024
Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди
14:38 / 12.09.2024