Ўзбекистон | 13:50 / 21.06.2022
7710
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари ҳалолликни кучайтириш бўйича махсус курсларда ўқитилмоқда

Сўнгги вақтларда туман (шаҳар) ҳокимларининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчилари орасида коррупциявий ҳолатлар содир этилаётгани турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Tengrinews.kz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари кредит, субсидия, ер ажратиш масаласида тамагирлик қилаётгани танқид қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, 2022 йил январь-май ойларида ҳоким ёрдамчилари томонидан 14 та жиноят содир этилгани маълум бўлди. Мазкур жиноятлар асосий қисмини порахўрлик, мансабдорлик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этади. 

Бу каби салбий ҳолатлар олдини олиш мақсадида агентлик томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ҳудудлар кесимида ҳоким ёрдамчиларини коррупцияга қарши кураш ва ҳалоллик бўйича махсус курсларда ўқитиш тизими йўлга қўйилди. 

Жорий йил 20 июнь санасидан эътиборан мамлакат ҳудудларида “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш устувор йўналишлари, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ва унга қарши курашиш бўйича ижобий хулқни шакллантириш” мавзусидаги семинар машғулотлари бошланди. 

Унда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирок этмоқда.  

Семинар машғулотларида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва улар учун белгиланган жавобгарлик масалалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган коррупциявий ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинмоқда. Бу борада ҳоким ёрдамчилари фаолиятида коррупциявий омилларнинг вужудга келиш сабаблари ҳамда шарт-шароитлари, уларни  бартараф этиш усулларига алоҳида урғу берилмоқда. 

Семинарлар жорий йил 1 июль кунига қадар мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтади. 

Семинарлар якуни бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятида йўл қўйилаётган порахўрлик, мансабдорлик, фирибгарлик ва бошқа корррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, улар ечими атрофлича таҳлил қилинади. 

Бу борада ҳоким ёрдамчиларининг ҳам фикр-мулоҳаза ва таклифлари умумлаштирилиб, тегишли ташкилотларга кўриб чиқиш учун тақдим этилади, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид