Иқтисодиёт | 14:52 / 24.06.2022
18611
5 дақиқада ўқилади

“Учта ҳудудда муаммоли кредитларнинг 69 фоизи банкларнинг захира маблағлари ҳисобидан қопланган” – Ҳисоб палатаси

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги муаммоли кредитларнинг энг юқори улуши Наманган (44 фоиз), Андижон (26 фоиз) ва Сурхондарё (20 фоиз) вилоятларида қайд этилган. Ушбу ҳудудларда 89,3 млрд сўмлик муаммоли кредитларни давлат ташкилотлари ва банкларда фаолият юритаётган ходимлар олган.

Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилган ўрганишларга кўра, муаммоли кредитлар Наманган (44 фоиз), Андижон (26 фоиз) ва Сурхондарё (20 фоиз) вилоятларида юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Ушбу ҳудудларда муаммоли бўлиб турган қарийб 149,4 млрд сўм кредитни доимий даромадга эга, хусусан, қарийб 89,3 млрд сўмлик муаммоли кредитларни давлат ташкилотлари ва банкларда фаолият юритаётган ходимлар олган.

Муаммоли кредитларнинг 79 фоизида қайтмаслик хатари суғурталанган бўлиб, аксарият ҳолларда банклар томонидан уларни суғурта компанияларидан ундириш чоралари кўрилмаган.

Жорий йил бошидан муаммоли кредитлар улушини камайтиришда, банклар томонидан уларнинг 69 фоизи “умидсиз” деб таснифланиб, балансдан чиқариш орқали қисқартирилган. Яъни амалда муаммоли кредитлар қайтарилмасдан, банк томонидан шакллантирилган захиралар (харажатлар) ҳисобидан қопланган.

Ўрганиш жараёнида дастурлар доирасидаги муаммоли кредит қарздорликлари жами 101,2 млрд сўмга камайтирилган.

Шунингдек, муаммоли кредитларни бартараф этиш, хусусан кредитлар ўз муддатида тўланмаслиги ва мақсадсиз ишлатилиши бўйича қуйидаги таъсир чоралари кўрилган:

  • 400 млрд сўмлик муаммоли кредит қарздорлигини ундириш учун судларга даъво аризалари киритилган;
  • 55 млрд сўмлик муаммоли кредитлар бўйича тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган;
  • 168 млрд сўмлик кредит қарздорликлари бўйича суд қарорлари Мажбурий ижро бюролари томонидан ундирувга қаратилган.

Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси томонидан келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, назорат тадбирлари давом эттирилиши айтилган.

Муаммоли кредитлар улуши ошиб бормоқда

Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 23 июнь ҳолатида банкларнинг кредит портфелидаги тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар қолдиғи 11,4 трлн сўмдан ортиқни ташкил қилган.

Шунингдек, тижорат банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар улуши охирги 1 йилда 0,6 фоизга, охирги 2 йилда эса 3 фоизга ошган. 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатида 2,3 фоиз(5,4 трлн сўм) бўлган муаммоли кредитлар улуши 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатида 4,7 фоизга (14 трлн сўм), 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатида 5,3 фоизга(18,2 трлн сўм) етган.

“Имтиёзли кредитлар коррупцияга мойилликни оширади”

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ўз чиқишларида имтиёзли кредитлаш коррупцияга мойилликни юзага келтиришини бир неча бор таъкидлаб ўтган.

“Имтиёзли кредит бор жойда муайян даражада коррупция элементлари ҳам бўлади. [...] Қаерда имтиёзли кредит бўлса, албатта, [маблағни] бошқа мақсадда ишлатишга мойиллик ҳам бўлади”, деганди МБ раҳбари 2020 йилдаги матбуот анжуманларидан бирида.

Нурмуродов, шунингдек, 2021 йилдаги чиқишларидан бирида “бозор тамойилларидан қанча кўп чеклансак, коррупцияга мойиллик ортиб бораверади”, дея таъкидлаганди.

Ажратилган имтиёзли кредитлар ўз самарасини бердими?

Имтиёзли кредитлаш қандай мақсадларда эълон қилингани ва сиёсий самимият мавжудлигидан қатъи назар, кўп ҳолларда ўртакаш даллоллар ҳамда чайқовчилар манфаатларига хизмат қилиб келган. Kun.uz оилавий тадбиркорликни кредитлаш тизимидан барча томон: банклар ҳам, кам таъминланганлар ҳам, таъминотчи корхоналар ҳам норози бўлаётгани ҳақида бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилганди.

Маълумот ўрнида, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлар:

  • боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга берилади.

Бунда, ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги хулосаси бўлиши лозимлиги кўзда тутилган

Маълумот учун, 2022 йилда камбағалларга 10 трлн сўм имтиёзли кредит ва 2,5 трлн сўм субсидия берилиши назарда тутилган.

Аввалроқ, муаммога айланган имтиёзли кредитлар солиқ тўловчилар елкасига юклатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид