Жаҳон | 07:45 / 30.06.2022
4290
2 дақиқада ўқилади

Филиппин ҳукумати Нобел мукофоти совриндори Мария Рессанинг нашрини ёпди

Филиппин регуляторининг таъкидлашича, Rappler сайти хорижликларнинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига эгалик қилишига қўйилган тақиқни бузган. Нашр ҳаммуассиси, Нобел мукофоти совриндори Мария Ресса портал иши давом эттирилишини айтди.

Фото: Reuters

Филиппин ҳукумати тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Мария Ресса асосчиларидан бири бўлган Rappler ахборот порталини ёпишни буюрди. Ресса ва сайтнинг бош юридик ходими Фрэнсис Лим 29 июнь, чоршанба куни бўлиб ўтган онлайн матбуот анжуманида шикоят қилишларини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, нашр ходимлари уни ёпиш бўйича ҳар қандай уринишларга тайёр бўлган ва барча ҳуқуқий ҳимоя воситалари тугамагунча ишлашда давом этади. 

Аввалроқ Филиппин Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси (SEC) бир кун аввал Rappler’ни тижорат реестридан олиб ташлашга қарор қилганини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, нашр чет элликларга Филиппин оммавий ахборот воситаларига эгалик қилишни тақиқловчи қоидани бузган. Ҳукумат танқидчилари бу қарор сиёсий сабабларга кўра бўлганини даъво қилмоқда. 

2012 йилда Мария Ресса томонидан асос солинган Rappler янгиликлар сайти дезинформацияга қарши кураш ва Филиппин президенти Родриго Дутерте томонидан инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, 2016 йилдан бери 7000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган «гиёҳвандликка қарши уруш»ни ҳужжатлаштиришга эътибор қаратган. 

У мамлакатдаги энг оммабоп нашрлардан бирига айланди ва Маниладаги ҳукумат Ресса ва Rappler’ни солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда кибержиноятчиликда айблаб, уни бир неча бор ёпишга уринди. 2020 йилда журналист кибержиноят тўғрисидаги қонунга кўра, интернет орқали туҳмат қилганликда айбланиб судланди. Бу қонундан, танқидчилар фикрича, расмийлар норозиликни бўғиш воситаси сифатида фойдаланмоқда. 2021 йилда Мария Ресса россиялик журналист ва «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов билан бирга «сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари» учун Нобел мукофотига сазовор бўлди. 

Мавзуга оид