Жаҳон | 15:50 / 30.06.2022
48744
10 дақиқада ўқилади

Россия Илон оролини ташлаб кетди. Украин армияси оролни мунтазам равишда ўққа тутаётганди

Россия мудофаа вазирлиги Қора денгиз ҳудудида, Одессага яқин жойлашган Илон оролидан қўшинларини олиб чиққанини маълум қилди. Украина қуролли кучлари бир неча бор бу оролга ракета зарбалари йўллаб, у ерга жойлаштирилган турли қурол ва техникаларни йўқ қилгани ҳақида баёнот берган.

Фото: MAXAR

РФ армияси ўз баёнотида қўшинларни олиб чиқиш қарори «яхши ният қадами сифатида» қабул қилинганини даъво қилмоқда. Россиялик ҳарбийлар бу каби формулировкани март ойи охирида Украина шимолидаги ҳудудлардан (Киев, Черниҳив ва Суми областлари) чекинганида ҳам қўллаганди. Ғарблик экспертлар фикрича, бу ҳудудларда Россия ҳарбий мағлубиятга учраган ва чекинишга мажбур бўлган.

«Бу орқали Россия Федерацияси жаҳон ҳамжамиятига БМТнинг Украина ҳудудидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш учун гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмаслигини намойиш этади.

Бу қарор Киевга Қора денгизнинг шимолий-ғарбий қисми Россиянинг тўлиқ назоратида экани туфайли буғдойни олиб чиқиш имконсизлигини айтиб, яқинлашиб келаётган озиқ-овқат инқирози мавзусида спекуляция қилишига имкон бермайди», дейилади РФ мудофаа вазирлигининг Илон оролидан қўшинлар олиб кетилгани тўғрисидаги баёнотида.

Ғарб давлатлари ва Украина Россия украин портларини блокада қилишда давом этмоқда ва бу орқали украин озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон бозорига олиб чиқилишига тўсқинлик қилмоқда деб ҳисоблайди.

РФ мудофаа вазирлиги баёнотидан олдинроқ Украинанинг «Жануб» оператив қўмондонлиги РФ армияси қисмлари жойлаштирилган Илон ороли бўйлаб ракета ва артиллерия зарбалари орқали навбатдаги муваффақиятли амалиёт амалга оширилгани тўғрисида хабар тарқатганди. Қўмондонлик хабарида бу ҳужумлар натижасида россиялик ҳарбийлар «гарнизоннинг қолган қисмини иккита тезюрар катер орқали шошилинч равишда эвакуация қилгани ва катта эҳтимол билан оролни тарк этгани» маълум қилинганди.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам «Илон оролида россияликлар қолмагани» ҳақида ёзган. «Жануб» оператив қўмондонлиги аниқлик киритишича, айни дамда оролда ёнғин ва портлашлар рўй бермоқда.

Ермак россияликларнинг «яхши ният» ҳақидаги баёнотига ҳам муносабат билдирган. «Буларнинг барчаси буткул фейк. Биринчидан, Украина қуролли кучлари россияликларни Илон оролидан ҳайдаб чиқарди. Иккинчидан, россияликлар ғалла сақланаётган омборларимизни ўққа тутишмоқда. Россия озиқ-овқат инқирозини юзага келтиришда ва алдашда давом этмоқда. Улар ҳамон бизнинг портларимизни блоклаб туришибди ва донларимизни йўқ қилишмоқда. Уларга глобал Голодомор керак», деган Ермак.

Уруш бошидан буён Илон ороли учун бир неча бор жанглар бошланган, аммо Украина қуролли кучлари учун уни озод қилиш устувор вазифа бўлмаган. Май ойида Россия мудофаа вазирлиги украин ҳарбийларининг оролни қайтариб олиш учун муваффақиятсиз уриниши ҳақида хабар берганида Украина мудофаа вазирлиги бундай уриниш амалга оширилмаганини маълум қилган, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович эса Украина оролдаги Россия нишонларига зарба бериш анча осонлашганини айтиб ўтганди.

20 июн куни ҳам украинлар Илон ороли бўйлаб муваффақиятли зарбалар йўллади. Ушбу ҳужумдан кейин Украина қуролли кучлари оролдаги Россия гарнизони жиддий йўқотишларга учрагани ҳақида маълумот берди. Бу зарбалар ортидан, худди ўша куннинг ўзида Россия Одесса области бўйлаб 14 ракета зарбаси йўллади. Украин ҳарбийлари ўшанда бу оролга қилинган ҳужумга жавоб реакцияси бўлганини айтишганди.

Rusi институти эксперти Жастин Бронкнинг сўзларига кўра, Россия кучлари оролни катта эҳтимол билан украинларда узоқ масофага отувчи артиллерия қуроллари пайдо бўлгани туфайли тарк этишди. Украина қуролли кучлари учун орол иккинчи Чернобаевкага айланди (Херсон областидаги Чернобаевка ҳақида ҳам мем тарқалган - Россия қўмондонлиги бу ҳудуддаги аэродромга янгидан янги кучларни юбораверади, украинлар эса уларни ҳар сафар яксон қилаверади).

«Россия учун бу оролни ушлаб туриш доим қийин бўлган. Украина сўнгги вақтларда бир неча бор техник инновацион ва таъсирчан ҳужумларни амалга оширди - ракета тизимлари орқали ҳам, авиация ёрдамида ҳам. Оролда жойлаштирилган Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа тизимлар мунтазам равишда вайрон қилинган. Россияликлар доимий равишда оролга янги тизимларни олиб келишган, уларга эса оролга етиб келмасидан зарбалар берилган. Мен ўйлайманки, бу Россиянинг Украинада энди етарли даражада узоққа ўт очувчи артиллерия қуроллари пайдо бўлганини тан олиши натижасидир», деган эксперт.

Таҳлил: Илон оролининг стратегик аҳамияти нимада?
Павел Аксенов, BBC корреспонденти

Илон (Змеиний) ороли - Қора денгиздаги кичик қуруқлик (майдони 20,5 гектар), энг яқин Украина соҳили 35 километр масофадан ўтган. У Одесса ва Миколайивдан анча узоқда (мос равишда 140 ва 230 км) жойлашган бўлса-да, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштириш платформаси сифатида унинг Россия учун ҳарбий аҳамияти юқори эди.

Илон оролига ўрта масофага ҳаракатланувчи зенит-ракета мажмуалари жойлаштирилса, бу орқали Одесса яқинида Россия ҳарбий-денгиз кучлари десант амалиёти амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш мумкин эди - украинлар шундай бўлишидан қаттиқ хавотирда эди.

Илон оролининг камчилиги шундаки, у чиндан ҳам жуда кичик орол бўлиб, унда табиий бошпаналар деярли йўқ ва соҳил яқинлиги бу ерни ўзиюрар гаубицалар ва баравар ўт очиш тизимлари орқали осонлик билан ўққа тутишга имкон беради - ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бундай воситаларга қарши самарали эмас. Бу ерга бериладиган зарбалардан яширинишнинг имкони йўқ, майдон кичиклиги эса техника ва гарнизонни тиғиз жойлаштиришга мажбур қилади. Шу билан бирга, орол Қора денгиз флотининг денгиз ва ҳаво базаларидан анча йироқда жойлашган.

Гарнизонни денгиз авиацияси ва флот билан қўллаб-қувватлаш самолёт ва кемаларнинг ўзини хавф остида қолдиради, чунки денгиз ёки ҳаводаги ҳар қандай фаоллик Ғарб томонидан зарур воситалар билан таъминланган Украина томонидан кузатилади, Украина қуролли кучлари ҳаводаги нишонларга ва кемаларга қарши мажмуалар билан қуролланган.

Илон оролини ушлаб туриш учун денгизда ва ҳавода катта амалиёт бошлаш талаб этиларди. Шунга қарамай, Россия оролни эгаллаб туриш ҳаракатидан қайтмади ва бу фақат янги йўқотишларга олиб келди. Натижада уни ташлаб кетиш мантиқий қарор бўлди.

Украина ҳам оролни ўз назоратига олишга уринишини айтиш қийин - унинг рельефи ва ҳажми Украина қуролли кучлари учун ҳам Россия армиясига бўлгани каби муаммо туғдиради.

Урушга қадар оролда чегарачилар хизмат қилган ва Одесса миллий университети олимлари ишлаган, бу ерда причалга, шунингдек почта, банк ва ретранслятор (ретрансляция учун оралиқ пункт вазифасини ўтайдиган иншоот)га эга кичик посёлка қурилган, туристик ва дайвинг марказлар ташкил этилиши режалаштирилганди.

Россия ҳарбийлари учун бу орол қандай манфаатни англатиши мумкинлиги ҳақида савол туғилади. Аммо улар бу оролчани урушнинг илк кунларидаёқ эгаллашганди.

Британия мудофаа вазирлиги вакилларининг ҳисоблашича, агар Россия оролда мустаҳкам ўрнашиб, у ерга ҳаво ҳужумидан мудофаа, соҳил мудофааси, қанотли ракеталар тизимларини жойлаштира олганида, у Қора денгизнинг шимоли-ғарбида устунликни қўлга киритган бўларди.

«Москва» крейсери йўқотилгани ва украинлар кемаларга қарши ракеталарга эга бўлганига қарамай, Россия ҳарбийлари украин соҳилларига десант тушириш амалиётидан воз кечилиши ҳақида маълум қилишмади. Илон ороли ўт очиш воситалари ҳамда радиолокацион база жойлаштириш мумкин бўлган плацдарм вазифасини ўташи мумкин эди.

Орол шундай географик жойлашувга эгаки, у ердаги кузатув воситалари нафақат Одесса области атрофи, балки Молдова, Днестрбўйи ва Руминиянинг ҳам ҳаво ва денгиз маконини назорат қилиш имконини берарди.

«Москва» крейсери ҳалокатидан кейин украинлар ҳаводан Илон оролини ўққа тута бошлади
UKRAINIAN GROUND FORCES/HANDOUT VIA REUTERS

Россия учун ҳам, Украина учун ҳам муаммо шундаки, Илон оролини эгаллаш осон, уни сақлаб тутиш қийин. У ерда отишмалардан яширинадиган жой йўқ, агар душман томон оролга кучли ўқ ёғдиришга қарор қилса, гарнизонни қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги тушунарсиз.

Аммо бошқа ҳамма гапларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, Илон ороли - бу уруш рамзларидан бири.

Беадаб мем

24 феврал куни Украина ҳудудига бостириб кирган россиялик ҳарбийлар Илон ороли устидан назорат ўрнатганди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда россияликлар ҳарбий кемаси украин аскарларига таслим бўлишни таклиф этгани, украин ҳарбийларидан бири эса уятсиз сўзлар билан рад жавоби қайтаргани ҳақидаги аудиоёзув тарқалиб кетганди

Шундан кейин Украина президенти Володимир Зеленский Россия ҳарбий кемасидан ракета-артиллерия зарбаси йўлланиши оқибатида оролдаги 13 нафар украин чегарачиси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Аммо кейинроқ Илон оролида хизмат қилган украин ҳарбийлари тириклиги ва россияликлар қўлида асирликда экани маълум бўлди. Апрел ойларида улар россиялик асирларга алмаштирилди.

Илон оролини эгаллашда иштирок этган «Москва» крейсери 13 апрел куни ракета зарбасига учради ва кейинги куни денгизга чўкиб кетди.

Чегарачиларнинг рус кемасига қарата айтган уятсиз ибораси мемга айланиб кетган, «Укрпочта» эса ушбу воқеага бағишланган почта маркасини муомалага чиқарганди.

Фото: GETTY IMAGES

Мавзуга оид