Иқтисодиёт | 21:07 / 08.07.2022
22681
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бензин нархи ошди. Бу импорт қисқаргани билан изоҳланмоқда

Сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб хусусий АЁҚШларда бензин нархи ошди. “Ўзбекнефтгаз” изоҳига кўра, бу – юқори октанли бензин импорти қисқаргани билан боғлиқ. Бунинг ортидан маҳаллий АИ-80 бензинига талаб ошиб, натижада унинг ҳам нархи қимматлаяпти.

Фото: Getty Images

Ўзбекистондаги хусусий шохобчаларда автобензин нархи ошаётгани импорт қисқаргани билан боғлиқ. Бу ҳақда бугун, 8 июл куни “Ўзбекнефтгаз” бензин таъминоти бўйича берган қўшимча изоҳда маълум қилинди.

“Охирги кунларда импорт қилувчи корхоналар томонидан юқори октанли автобензиннинг четдан келтирилиши камайиши натижасида, Аи-80 русумли автобензинга бўлган талаб ортмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, июл ойининг дастлабки 7 кунида етказиб берилган АИ-80 маркали бензин миқдорини ўтган ҳисобот даврига таққослаганда, эҳтиёж республика бўйича 1 193 тоннага ёки 120 фоизга эҳтиёж ошган.

Эҳтиёжнинг ошиши Андижонда 222 фоиз, Тошкент вилоятида 163 фоиз, Жиззахда 155 фоиз, Қашқадарёда 141 фоизни ташкил этган.

“Мисол учун, “UNG Petro” МЧЖ томонидан июн ойида ўртача бир кунда 529 тонна сотилган бўлса, июл ойига келиб ўртача бир кунда 611 тонна ёки 82 тоннага талаб ошди.

Аи-80 русумли автобензинга талаб ортиши натижасида жорий йилнинг июл ойида Аи-80 русумли автобензиннинг биржа савдоларида 1 тонна учун шаклланган нархи 9 366 минг сўмни ташкил этган.

Жорий ойда ушбу кўрсаткич 10 454 минг сўмни ташкил этиб, июн ойида ўртача шаклланган нархларга нисбатан 974 минг сўмга ошган. Бу эса ўз навбатида, хусусий АЁҚШлар томонидан сотиладиган Аи-80 русумли автобензин нархи ошишига олиб келди.

Ҳозирги кунда биржа савдоларига қўйилаётган миқдорлар оширилиши натижасида 1 тонна Аи-80 русумли автобензиннинг ўртача нархи 9 484 минггача пасайтирилди.

Истеъмолчиларнинг 65 фоизи“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқилган бензин ҳисобидан қопланади, қолгани бошқа ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар томонидан қопланади”, дейилади компания релизида.

Қўшимча қилинишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан биржа савдоларига Аи-80 русумли автобензин жорий йилнинг 7 июл куни 4 минг тонна, 8 июл куни 3 минг тонна қўйилди, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг бензин ишлаб чиқариш ускуналари 110 фоиз қувватда ишламоқда.

Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” ўз шохобчаларида АИ-80 бензини нархи ўзгаришсиз – 6800 сўм бўлиб қолаётганини маълум қилганди.

Сўнгги йилларда аввалига юқори октанли, кейинроқ АИ-80 бензини нархи ҳукумат томонидан белгиланишига чек қўйилди. Бироқ таҳлилчилар бензин импорти тўлалигича шаффоф ва рақобатли эмаслиги, Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари бўйича ҳамон эркин бозор яратилмагани, бозорга янги ўйинчиларнинг кириб келишига сунъий тўсиқлар қўйилганини айтиб келади. Натижада эса жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиши доим ҳам ички бозордаги нархларга таъсир қилавермайди.

Мавзуга оид