Ўзбекистон | 17:35 / 11.07.2022
52365
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон санкция остидаги товарлар учун транзит давлатлар рўйхатига киритилди

АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкция қўйилган товарлар Россия ва Беларусга олиб кирилиши мумкин бўлган давлатлар қаторига киритди.

Фото: Picture Alliance

Рўйхат АҚШ Молия вазирлигининг икки бўлими – Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ва Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) тавсиялари асосида эълон қилинган.

Идоралар молия институтларини Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан жорий қилинган экспорт назоратидан «жисмоний ёки юридик шахсларнинг қочишга уринишларига қарши ҳушёр туришга» чақирди. 

Ўзбекистондан ташқари, Грузия, Арманистон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайван, Тожикистон, Туркия ва БАА давлатлари ҳам санкция қўйилган товарларни транзит қилиб ўтказиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритилган. 

Қайд этилишича, назорат қилинадиган товарларни мазкур рўйхатдаги давлатларга қонуний равишда хомашё сифатида экспорт қилиш мумкин, бироқ уларни кейинчалик Россия Федерацияси ёки Беларусга «қўшимча юк ташиш пунктлари ҳисобидан» экспорт қилиш айрим ҳолларда тақиқланади.

BIS ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган алоҳида «ташвишга сабаб бўлувчи» товарлар санаб ўтган: самолётлар учун эҳтиёт қисмлари, гидроакустика тизимлари, антенналар, спектрофотометрлар, синов ускуналари, GPS тизимлари, вакуум насослари ва нефть конларида фойдаланиладиган ускуналар. 

Аввалроқ АҚШ Россия Федерацияси ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон компаниясига нисбатан санкциялар жорий этгани ҳақида хабар берилганди. 

Мавзуга оид