Ўзбекистон | 10:26 / 18.07.2022
13457
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда 10 минг доллар эвазига мактаб қурилишини тендерсиз олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди

У талаб қилинган пулларни олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро Арнасой тумани ҳудудида деҳқончилик қилиш учун бўш ер майдони излаб юрганида қурувчилик фаолияти билан шуғулланувчи таниши билан учрашиб қолган.

Ўзаро суҳбатда Дўстлик туманида яшовчи ушбу фуқаро «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖда ишловчи таниши орқали ер олиб беришини, бундан ташқари, Арнасой тумани ҳудудида режалаштирилган янги мактаб биноси қурилишини тендерсиз олиб беришини айтган. Хизматлари эвазига 10 минг доллар талаб қилган.

Фуқаро мактаб қурилиши ва ер майдонлари очиқ электрон танлов асосида ажратилишини билгандан сўнг вилоят ИИБга мурожаат қилган. Шундан сўнг вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ер ва мактаб қурилишини олиб беришини айтган шахс ариза муаллифидан талаб қилинган пулларни олаётганда Пахтакор туманида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, терговга қадар текширув давомида унинг ҳаммаслаги ҳам қўлга олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, фуқарони Жиззах Политехника институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 2 минг доллар олган шахс ашёвий далиллар билан ушланганди.

Мавзуга оид