Жаҳон | 18:53 / 27.07.2022
30358
7 дақиқада ўқилади

Антонов кўприги яна HIMARS’дан ўққа тутилди. Украина Херсон областини қайтариб олишга тайёрланмоқда

Украин ҳарбийларининг навбатдаги зарбаларидан кейин Днепр дарёси устидан ўтган Антонов кўприги бўйлаб Херсон томон ҳаракатланиш бутунлай тўхтатиб қўйилди. Бу стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган кўприкдир. Украина томони бу зарбалар «заргарона» амалга оширилганини маълум қилди.

Антонов кўприги, 20 июл. Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS

27 июлга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда ушбу кўприк ёппасига ўққа тутилгани ҳақида видеолар ва хабарлар тарқала бошлади. Ўшанда россияпараст ҳукумат кўприк шикастланмаганини маълум қилганди. Энди улар кўприк таъмирга муҳтож эканини тан олишмоқда.

«Кўприкка зарбалар келиб тушган, аммо у буткул вайрон бўлмаган. Тешиклар кўпайган», деган Херсон областининг Россия томонидан тайинланган «янги ҳукумати» вакили Кирилл Стремоусов ТАСС мухбирига берган интервьюсида.

Унинг қайд этишича, украин ҳарбийлари турли артиллерия тизимлари, жумладан HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали 10 дан ортиқ снаряд йўллаган, гўёки уларнинг бир қисми Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали тўхтатиб қолинган.

Херсон области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Володимир Салдо эса яна икки ракета Херсон яқинидаги темирйўл кўпригига келиб тушганини қўшимча қилган.

Тонгда Украина томони ҳам кўприкка йўлланган зарбалар бўйича маълумот берди. «Бизнинг артиллериямиз иши шунчалик пухта ва заргарона бўлдики, бу рақиб қўшинининг руҳини туширади. Чунки Антонов кўпригига зарбалар берилди. Ва бу заргарона амалга оширилди», деди «Жануб» қўмондонлиги матбуот хизмати раҳбари Наталья Гуменюк телеэфирда.

У украин кучлари Херсон областидаги стратегик муҳим транспорт йўлларини «зарба назорати остида» тутиб тургани ва бу россияликлар ўқ-дори ҳамда жонли кучларни олиб келишига тўсқинлик қилишини айтган. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари инфратузилмаларни асрашга ҳаракат қилаётгани таъкидланган. «Биз инфратузилмани йўқ қилмаймиз, биз душманнинг режаларини йўқ қиламиз», деган у.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мазкур объектнинг стратегик аҳамияти шу билан изоҳланадики, бу Херсонни Днепрнинг чап соҳили, шунингдек Россия ҳарбийлари томонидан феврал ойидаёқ эгаллаб олган бошқа ҳудудлар билан боғловчи асосий кўприкдир. Агар у вайрон этилса, армия таъминоти ишдан чиқади, бу эса Украина қуролли кучлари Херсон областида ҳужумга ўтишга тайёрланаётгани фонида янада муҳим.

Стремоусов Антонов кўпригига навбатдаги ҳужумлар ҳарбий ҳаракатларнинг боришига таъсир қилмаслиги, россиялик ҳарбийлар қўшимча ўтиш йўллари ташкил этаётганини айтган.

«Кўприкка ўт очаётганлар Херсон области аҳолиси ҳаётини қийинлаштирмоқда. Бу ҳарбий ҳаракатларнинг боришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», дея ишғолдаги маъмурият вакили сўзларини келтирган РИА Новости.

Киев мамлакат жанубида қарши ҳужум бошлаш ҳақида баёнот бериши ортидан Антонов кўприги камида икки марта интенсив равишда ўққа тутилди.

Биринчи ҳужум 19 июл куни амалга оширилганди. Россия томони зарбалар Америка томонидан етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали йўллангани ҳақида маълум қилган, бундай қурол етказиб берилиши Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга сезиларли даражада ўзгариш киритди. Иккинчи бор - 20 июл куни зарба берилди. Шундан кейин ишғолдаги ҳукумат расмийлари кўприкни таъмирлашни бошлаш учун юк машиналари ҳаракатини чеклашига тўғри келганди.

ВВС News Украина мухбирлари июн ойи охиридан июл ойи бошигача бўлган муддатда Россия қўшинларининг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида жойлаштирган ўндан ортиқ ўқ-дори омборлари ва базаларига зарбалар берилганини ҳисоблаб чиқишган. Россия мудофаа вазирлиги ва Украина бош штаби бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.

Антонов кўприги, 20 июл. Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS

Украина расмийлари маълумотларига кўра, HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари мамлакатга 23 июн куни етиб келган. Мобил ракета қурилмалари 70-80 км масофадаги нишонга аниқ бориб тегиши мумкин (махсус ракеталар қўлланганда эса - етиш масофаси 300 километрни ташкил этади).

Херсон областида Днепр дарёсини кечиб ўтиш учун жами учта кўприк бор ва уларнинг барчаси таъминот учун жуда муҳим. Булар Антонов кўприги, ундан олти километр шимолдаги темирйўл кўприги ҳамда 50 километр шимолроқда, Нова Каховка ҳудудидаги Каховка сув омборидаги дамба ҳисобланади (Украина темирйўл кўпригига зарба бермаяпти, аммо Днепр ирмоқларидан бири бўлган Ингулец устидан ўтувчи Дарьевский кўпригига ҳужум қилмоқда). Антонов кўприги энг муҳими ҳисобланади, у Херсонга энг яқин масофада жойлашган. Ҳозирда Украина қуролли кучларида уни бир уринишда яксон қилишга қодир бўлган кучли ракеталар етарли эмас, аммо кўприкни мунтазам равишда ўққа тутган ҳолда россияликларнинг ушбу йўл орқали таъминотини тўхтатиб қўйиш мумкин. Киевдагилар Днепр орқали ўтган бошқа икки кўприк бўйича ҳам шундай ўйлашмоқда.

Антонов кўприги - Херсон районидаги Антоновка посёлкасини Днепрнинг чап соҳилидаги Алешки шаҳри билан боғловчи автомобил ва пиёдалар ўтиш кўпригидир. У 1985 йилда фойдаланишга топширилган, кўприк узунлиги - 1 366 метр, кенглиги - 25 метрни ташкил этади. Экспертлар фикрича, бундай йирик объектларни ракета зарбалари билан қулатиш жуда қийин.

Украина ҳукумати Херсон областини қайтариб олишни ният қилган. 23 июл куни Урушларни тадқиқ қилиш институти Украинанинг ушбу минтақадаги кенг кўламли қарши юришига тайёргарлик кўрилаётгани ёки юриш бошланиб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди. Украина томони Херсон областида Россия эгаллаб олган 600 дан ортиқ аҳоли пунктларидан 44 таси озод қилингани ва областни сентябр ойида тўлиқ озод этишга муваффақ бўлиниши ҳақида айтишмоқда. Аммо Ғарбдагилар қарши ҳужум осон кечмаслиги ва катта қўшин ҳамда Украинада ҳозир мавжуд бўлганидан кўра кўпроқ қуроллар талаб этилади, деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, Россия Қрим орқали Украина жанубига катта кучлар жўната бошлади. Улар айнан Херсонс областига йўл олишган.

Мавзуга оид