Ўзбекистон | 13:17 / 28.07.2022
18952
6 дақиқада ўқилади

Профессор Ўзбекистонда таълим вазирликларини бирлаштириш, ОАК ва фан доктор илмий даражасини эса тугатишни таклиф қилди

“Boursa National” компанияси ижрочи директори, профессор Азамат Акбаров Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистондаги таълим вазирликларини бирлаштириб юбориш, Олий аттестация комиссияси ва фан доктори (doctor of science) илмий даражасини тугатиш кераклиги ҳақида гапирди.

Профессорга кўра, дунёда фақат Собиқ Совет давлатларининг айримларидагина сақланиб қолаётган орган – Олий аттестация комиссияси бугун таълим ривожига эмас, унинг ортга кетишига хизмат қилмоқда.

“Жанубий Корея ёки ён қўшнимиз Қозоғистонда ўрта махсус, тест маркази, олий таълим ва таълим инспекцияларини бирлаштирган ягона вазирлик бор.

Таълим тизимида ягона вазирлик мисолини Финландия, Франция ёки Америка Қўшма Штатларида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўйлашимча, Олий аттестация комиссиясини Олий таълим вазирлиги билан интеграция қилиш керак. Умуман, вазирлик атрофидаги барча ташкилот ва инспекцияларни вазирлик билан интеграция қилиш керак.

Бу ташкилотларнинг алоҳида-алоҳида бўлиши қўшимча энергия, ресурс сарфланиши ва ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликлар ёки бюрократияга сабаб бўлади.

Ҳозир рақамли дунёда яшаяпмиз. Лекин бизда айрим масалалар бўйича қарор олиш учун баъзан ойлаб кутиш керак. Шундай экан, мен айтган ташкилотларнинг барчаси Олий таълим вазирлиги қошидаги департаментга айланиши керак.

Масалан, мен бундан уч йиллар аввал Олий аттестация комиссиясининг Болония жараёни ҳақидаги тушунчалари ҳақида мақола ёзгандим.

Болония жараёниЕвропа мамлакатлари орасида олий таълимни уйғунлаштириш жараёнидир. Бу тушуниш осон бўлган ва ўхшаш даражалар (малакалар) тизимини яратишни, таълимнинг кредит тизимига ўтишни, таълимнинг сифатини таъминлашда эркин академик ҳаракатланишни ва Европадаги таълим ҳамкорлигини ўз ичига олади. Қисқа қилиб айтганда, бу Европа мамлакатларининг олий таълим тизимларини уйғунлаштириш, ҳар бир киши учун тенг равишда таълимни таъминлаш, интеллектуал, маданий, ижтимоий, илмий ва технологик салоҳиятни шакллантириш ва мустаҳкамлаш, таълим сифатини такомиллаштириш жараёнидир. – Таҳр.

Тасаввур қилинг, Болония жараёни тизимига Марказий Осиёда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва ҳатто қўшнимиз Афғонистон ҳам кирган.

Бу жараён ягона Европа таълим ҳудудини англатади. Уни илк бор 1999 йилда 22та давлат имзолаган бўлса, ҳозир тизимга дунёнинг 47 давлати аъзо ҳисобланади”, – деди Акбаров.

Профессор интервью давомида дунёда моқобили йўқ ва фақат МДҲнинг саноқли давлатларидагина сақланиб қолаётган фан доктори илмий даражаси (doctor of science)ни тугатиш таклифини ҳам билдирди.

“Буни МДҲдаги бир-иккита давлатдан бошқа ҳеч қаерда тан олишмайди. Тасаввур қилинг, бутун дунёда тан олинган учта илмий даража бор: бакалавр, магистратура ва PHD. Ўзбекистонда эса бунга тўртинчи даража ҳам қўшилди – doctor of science.

Хўш, буни давлат иқтисодиёти ва университетнинг халқаро рейтингларга киришига қанчалик ёрдами бор?

Туркларда яхши бир мақол бор: “Ақлнинг йўли битта”. Шундай экан, дунё қайси йўлдан борса, биз ҳам шу йўлдан борайлик.

PHD бизда таянч докторантура ҳисобланади, лекин хорижда бу энг юқори даража. Ундан кейин даража йўқ. Қолгани академик унвонлар. Масалан, ассистент профессор ёки профессор.

Биз илмий даражаларни бирлаштириб, кейинги унвонларнинг шартларини дунё стандартларига олиб келишимиз керак”, – деди эксперт.

Азамат Акбаров интервью давомида Kun.uz мухбирининг Ўзбекистондаги таълим вазирликларини ягона вазирлик ёки департаментга бирлаштириб юбориш ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди.

“Биз шу йил март ойида Тошкентда олий таълимдаги бугунги муаммоларга бағишланган халқаро конференция ўтказдик. Шу анжуманни ташкиллаштириш жараёнида Олий таълим вазирлигига ҳамкорлик қилишни сўраб хат ёздик.

Тасаввур қилинг, вазирликнинг қайсидир бошқарма бошлиғи тадбир мавзусидаги “муаммо” сўзини кўриб, бизга дўқ-пўписа қилган. Унинг айтишича, олий таълимда муаммо йўқ экан.

Демак, ҳозир таълим ҳақида фақат яхши сўзлар ёзилиши керак. Юқорига бериладиган статистика ҳам чиройли бўлиши керак. Муаммо йўқ, ҳамма нарса бажарилган, дейиш керак.

Мен шунда ҳайрон қолгандимки, ҳали университетларимиз Топ – 1000 университетлар (QS World University) қаторига кирмаган бўлса, ўқув режаларимизда муаммо кўп бўлса, ўзини-ўзи молиялаштириш бўйича яққол натижа кўрсатган университет ҳам йўқ бўлса, қандай қилиб муаммо ҳақида гапирмаслик мумкин?

Бизда одатда муаммони ечиш учун ё агентлик ё қандайдир бошқарма тузилади. Кейин ўша агентлик назорати учун яна қандайдир тузилма ташкил қилинади. Бунда ходимларни бошқариш баъзан назоратдан чиқиб кетиши ҳам мумкин.

Мен бу саволга ривожланган 50 та давлатдаги вазирликлар оптимизациясини ва умуман университетларни ким бошқаришини ўрганиш керак, дея жавоб бераман. Тамом.

Агар улар дунё иқтисодиётида энг кучли давлатлар бўларкан, демак, ишонаверинг, бунинг ортида жуда катта илмий потенциал турибди. Чунки ўша университетларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган катта ҳиссаси бор. Бу масалан, Америкада 600 млрд доллар.

Бу давлатлар ўз илми билан дунёни титратиб келаётган экан, ўрганиш керак у ерда қанча вазирлик борлигини? Ҳаммаси алоҳидами ёки бирлашган департамент ё вазирлик шаклидами? Тажриба албатта ўрганилиши керак”, – деди профессор.

Ўзбек олий таълим тизимининг бугунги оғриқли муаммоларига бағишланган суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид