Жамият | 18:31 / 31.07.2022
23259
8 дақиқада ўқилади

Ногиронлар «сиғмаётган» бош кент. Унутилганлар муаммоси унутилмаслиги керак

Мамлакатнинг бош шаҳри Тошкент ногирон инсонлар яшаши, ҳаракатланиши учун қанчалик қулай? Бу саволга жавоб олиш мақсадида ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи қаҳрамонимиз билан пойтахт кўчаларида кичик тажриба ўтказдик.

Тошкент йўллари ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай эмаслиги, шаҳарда тўсиқсиз муҳит яратилмаганига ҳамма ҳам эътибор беравермайди. Чунки аксар саломат одамлар барчамиз каби тенг ҳуқуқларга эга ногиронлар ҳақида йилда бир-икки марта, ногиронларни кўргандагина ўйлаши мумкин. Кўчаларда эса ногиронларни деярли учратмайсиз. Йўқ, ногиронлар камлиги учун эмас, уларга кўчаларда ҳаракатланиш учун шароит йўқлиги сабаб.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда амалдорлар йўл қурувчилари билан бирга ногиронлар аравачасига ўтириб, кўчалар ногиронлар учун қанчалик қулайлигини кўздан кечириши тасвирланган видео одамлар орасида кенг муҳокама қилинди.

Биз ҳам мана шу видеодан илҳомланиб, мансабдор шахслар билан бўлмаса-да, бир неча йиллардан бери аравачада ҳаракатланувчи қаҳрамонимиз Фаррух Абдураҳмонов билан пойтахт кўчаларида бўлдик.

15 йилдан буён аравачада ҳаракатланаётган суҳбатдошимизнинг айтишича, шу вақтгача Тошкент кўчалари ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган: «Мен ёрдамчимсиз кўчага чиқа олмасдим. Аёлим ҳам деярли ташқарига чиқмайди, чунки у ҳам аравачада юради ва кўчага чиқиши учун 3-4 киши ёрдам бериши керак», дейди қаҳрамонимиз.

Фаррух Абдураҳмонов билан турли манзилларда бўлдик. Илк тажриба Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида Ислом ота масжидига етмай жойлашган ерусти ўтиш йўлида бўлди.

Ислом ота масжиди яқинидаги пандус

Мазкур йўл ўтказгичи деярли стандартларга мос равишда қурилган, унга зиналар ва пандуслар ўрнатилган. Аммо афсуски, аравачада ҳаракатланадиган инсоннинг чиқиши учун қулай эмас. Ногирон инсон бировнинг ёрдамисиз йўлнинг нариги тарафига ўта олмайди. Фаррух Абдураҳмонов бу пандусга 3 дақиқа 47 сония деганда чиқа олди. Шунда ҳам ёлғиз ўзи эмас, бошқа инсоннинг кўмаги билан.

«Бу пандуснинг усти ёпилмаган, ногиронлар қор ёки ёмғирда ундан чиқолмайди, сирпанчиқ бўлиб қолади. Шунча пул сарфлагандан кўра, муаммони битта лифт билан ҳал қилса бўларди. Ногирон инсон бу пандусга чиққандан кўра, йўлни кесиб ўтишни маъқул кўради», дейди суҳбатдош.

Кейинги манзил халқ тилида «Ганга» деб аталадиган Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасидаги ерусти ўтиш йўли бўлди. Аввалига лифтда кўтарилмоқчи бўлдик, аммо эшик қулфланганди. Кейин суриштирсак, анча олдин лифтлар бу ўтказгичнинг икки томонидан ҳам олиб ташланган, сабаблари эса номаълум. Айни вақт лифт учун ажратилган жой кичик тадбиркорлик субъектига айлантирилган.

Лифт эшиги ёпиб қўйилган
Лифт ўрни дўконга айлантирилган

Бунинг устига ўрнатилган эскалаторлар ҳам ишламаяпти. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бир томондаги эскалатор бир неча ойдан буён ишламайди, иккинчиси эса гоҳ ишлаб, гоҳ ишламайди. Афсуски, бу ҳолат фақат мазкур манзилда эмас, бошқаларида ҳам тез-тез кузатилади.

Тошкентдаги ерусти йўл ўтказгичларининг аксарият эскалаторлари нима сабабдан ишламаётгани юзасидан шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси вакилига юзландик. Бошқарма вакили Расулжон Йўлдошевнинг таъкидлашича, эҳтиёт қисмлар йўқлиги сабаб эскалаторлар ишламаяпти. У айнан «Ганга»даги эскалатор тез кунда таъмирланишини айтди.

Бошқарма масъуллари ишни ташкил қилаётганда мазкур муаммолар юзага келиш эҳтимолини инобатга олган ёки йўқлиги аниқ эмас. Носозликлар босқичма-босқич бартараф этилиши ваъда қилинган, аммо айнан қачонлиги ҳам номаълум. Аниғи шуки, пиёдалар анча вақтгача эскалаторлардан тўлақонли фойдалана олмайди.

Ерости йўлида ҳам шароит йўқ

«Ганга»даги ерости йўлида ҳам шароит яратилмагани яққол кўриниб турибди. Ундаги швеллердан ясалган пандуслар ногиронлик аравачасининг ғилдираклари сиғадиган даражада ўрнатилмаган, буни тасвирларда ҳам кўриш мумкин.

Пандусларнинг жуда қия қилиб ўрнатилгани исталган аравачанинг пастга тушишига тўсқинлик қилади. Наҳотки қурилишда бу жиҳатлар инобатга олинмаган бўлса?

Мослашмаган автобус ва бекатлар

Қаҳрамонимиз билан автобус бекатларида ҳам бўлдик. Ўтиб кетаётган автобус ва таксиларнинг ҳеч бири уни илғагани ҳам йўқ. Жамоа транспортида ҳаракатланувчи қимматбаҳо Mercedes автобуси пандус туширишини кутдик, аммо бундай бўлмади. Умуман, автобуслар на бекатга яқин жойда тўхтади, на кондуктор тушиб имконияти чекланган йўловчига ёрдам берди.

Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчасида янги ерусти ўтказгичи қурилмоқда. У ерда имконияти чекланганларга қандай шароит яратилаётгани билан қизиқдик. Зиналар қад ростлаган, қурилиш давом этмоқда, лекин ҳеч қандай пандус ёки унинг ўрнини босувчи лифт, эскалатор учун жой ҳам ташланмаган. Нима учун янги қурилаётган объектларда улардан ногиронлар ҳам фойдаланиши инобатга олинмайди?

Мавзу юзасидан Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов билан суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, деярли ҳар куни йўллардаги муаммолар бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушади.

Ойбек Исоқов

«Шаҳар кўчаларини айлансак, ногиронлиги бор одамларни учратавермаймиз. Бу улар Тошкентда яшамаяпти дегани эмас, шунчаки етарли даражада тўсиқсиз муҳит яратилмагани учун ногирон инсонлар кўчага чиқмайди. Тошкент шаҳрининг ўзида расман 45 минг нафар имконияти чекланган инсон бор, норасман эса уларнинг сони 70 мингдан кўпроқ. Биз ногиронларни уйига қамаб ўтирибмиз, чунки кўчага чиқаман деса, ҳеч нарса унга мослашмаган, оддий дорихонага ҳам киролмайди.

Агар тўсиқсиз муҳит яратмасак, ногиронлиги бор шахслар бирорта ҳуқуқларидан фойдаланолмайди. Чунки улар ҳеч қаерга чиқолмайди.

Тўсиқсиз муҳит талаблари қонунчиликда бор, бу қонуннинг қабул қилинганига 30 йилдан ошди, нима сабаб бунга риоя қилинмаяпти? Шунинг илдизини топишимиз керак», дейди ассоциация раҳбари.

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра, тегишли объектларнинг лойиҳалари ногиронлар жамоат ташкилотлари билан келишиб олиниши керак. Аммо бу иш қоғозда бор, амалда эса беэътибор қолиб кетмоқда.

Хўш, нима сабаб қурилиш объектлари ҳанузгача имконияти чекланганлар учун мослашмаган? Бу савол билан Қурилишда техник меъёрлаш маркази бош мутахассиси Дурдона Раҳимовага юзландик. Унинг таъкидлашича, бунга буюртмачи ташкилот яхши ишламаётгани энг катта сабаблардан бири ҳисобланади.

Дурдона Раҳимова

«Лойиҳалаштириш топшириғининг барча мажбуриятлари буюртмачига юклатилган. Буюртмачи бу топшириққа нимани ёзса, лойиҳачи шуларни лойиҳалаштириб беради, шу асосда қурувчи уни қуриб беради. Бу ерда қурувчини айблаш нотўғри. Чунки унга ҳам тайёр маҳсулот келади.

Бугунги кунда 366 та ШНҚ (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари) бўлса, шунинг 50 фоизидан ортиғига янгилик киритилмоқда. Ишлаб чиқаётган ШНҚга қўшимча равишда яна биттаси, яъни лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тартибга солиш, тасдиқлаш бор. Мана шунда ҳамма нарсалар мажбурият сифатида киритиб кетилмоқда.

Агар ишлаб чиққан нормамизни қонун томонидан мустаҳкамлаб қўйсак, қайсидир ташкилотларни кўпайтириб, текшириб ўтиришнинг ҳам ҳожати қолмайди. Чунки бу ўз-ўзидан ишлайдиган нарса», дейди Дурдона Раҳимова.

Умуман олганда, бу борада муаммолар жуда кўп. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар ҳам белгиланган. Уларнинг ижроси таъминланиши шарт, чунки ногиронлар ҳам шаҳарларда, мамлакатнинг барча кўчаларида эркин ҳаракатлана олиши, ўзини жамиятнинг бир қисми эканини ҳис қилиши керак. Шундоқ ҳам тақдирнинг қаттиқ зарбасига учраган бу инсонлар яккаланиб қолмаслиги лозим. Тошкентнинг “катталари” ҳам ногиронлиги бор инсонлар муаммосига бефарқ эмас деб умид қиламиз.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчилар: Асадбек Курязов,
Абдуқодир Тўлқинов, Жавоҳир Ғайратов.
Монтаж устаси: Асадбек Курязов.

Мавзуга оид