Ўзбекистон | 11:05 / 01.08.2022
65808
7 дақиқада ўқилади

Мардикор бозорда дўппосланган аёллар: сабаб ва тафсилотлар

Самарқанд туманида аёллар эркаклар томонидан дўппосланиши тасвири ижтимоий тармоқларда тарқаб, катта резонанс келтириб чиқарди. Айниқса, берилган зарбалар оқибатида ўзидан кетиб қолган аёл устида турган норасида гўдак ҳолатидан кўпчиликнинг ғазаби жунбишга келди.

Kun.uz ижодий гуруҳи воқеа аслида қандай рўй бергани хусусида суриштирув ўтказди.

Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган айланма йўл ёқаси 10 йиллардан буён мардикор бозор бўлиб келган. Бир томонда эркаклар, бир томонда аёллар йўл четида туришади. Эркаклар турли оғир ишларга жалб қилинса, аёллар асосан қишлоқ хўжалиги ишлари, тозалаш супуриш-сидириш ва ҳоказо юмушларга олиб кетилар экан.

Маълум бўлишича, пастдарғомлик йигитлар эрталаб «Газел» машинасида қишлоқлардан ёш-қари аёлларни шу ерга кунлик ишга олиб келиб, кун қорайганда олиб кетишаркан. Улар «бригадир» деб аталаркан. Бригадирлар орасида аёллар ҳам бор.

Шунингдек, бозорга ўзи иш излаб чиққан эркак ва аёллар ҳам бор. Жанжал шу ердаги мардикор аёллар гуруҳи ичидаги келишмовчиликдан келиб чиққан.

Воқеа 21 июл куни соат 17:00 лар атрофида рўй берган. Асли Паст Дарғом туманидан бўлган, Кимёгарлар қўрғонида ижара уйда яшовчи Ш.И. ва Х.И. исмли 33 ва 25 ёшли опа-сингилни гўёки ўша «Газел»да аёлларни олиб келувчи «бригадир» аёллардан бири ҳақорат қилган. Ўртада чиққан жанжалдан сўнг опа-сингиллар у аёлни М37А йўлидаги «Газел»лар турган жойгача таъқиб қилиб боришган.

«У «бригадир» аёл мени қаттиқ ҳақорат қилди. Кейин биз уни «Газел»лар турган жойгача қувиб бордик. У йўл четида турган икки «Газел»дан бири ичига яширинди. Машинага чиқмоқчи бўлсак «машинамга қадамингни босиб ҳаром қилма» қабилида яна ҳақоратлар эшитдик, бизни туртиб, уриб ташлашди. Ҳа, сўнгра жаҳл устида тош отдик машиналарга», — деди Ш.И.

Интернетда дўппосланаётгани тасвирланган опа-сингиллар Қарши шаҳрига элтувчи таксилар турадиган автотураргоҳдан тош олиб, иккита «Газел»нинг ойналарини тўкиб ташлашган. Машина ҳайдовчиларидан бири ва дастлаб ўша ердаги жанжални ажратишга уринган йигитча ўзларига ёпишаётган опа-сингилларни итариб ташлаб, сўнгра ҳақорат эшитгач, уларни ура бошлашган. Сингил Х.И. еган зарбалари таъсирида ҳолдан тойиб, қуруқ ер устида ётиб қолган.

«Газел» минибусларидан бирини ижарага олиб ҳайдовчи Зоҳиднинг айтишича, машина ойналарини алмаштириш унга 9,6 миллион сўмга тушган. Ҳозир минибуслар суриштирув ишлари тугагунга қадар жарима майдончасига киритиб қўйилган.

 

Дўппослашда қатнашган иккинчи йигитнинг айтишича, у жанжалда иштирок этмаган. Шунчаки сўкиниб юлишиб ётган аёлларни ажратиб қўймоқчи бўлган. Бироқ опа-сингиллар унга ҳам ташланиб, ҳақоратлай бошлаган. Шунда у ҳам жаҳлланиб, қўл кўтарганини тан олди.

Бу ерда иккинчи «Газел» автомашинасининг эгаси ҳам ҳеч қанақа жанжалга аралашмаган бўлса-да, унинг машинасига ҳам тош отилиб, 3,5 млн сўм зарар етказилган.

Дўппосланган аёллардан бири Ш.И. ўша куни пиво ичганини тан олди. Агар «бригадир» аёллардан бири келиб уни ҳақорат қилмаганда уруш бўлмаслигини айтди.

Унга кўра, «бригадир»лар аёлларни арзон-гаровга ишга жўнатишади. Боз устига, улардан одам бошига 15 минг сўмдан ҳақ ҳам олишар экан. Бу аёллар эса кунлик ишда камида 100 минг сўм топиши кераклиги учун курашишади.

Опа-сингиллар ўзларига яқин бир аёлнинг 4 ва 1,5 яшар болаларига ҳам қарашар экан. Опаси «ҳеч жойда ўқимаганман, мактабга ҳам бормаганман ҳатто», деди.

Ерда ётган ва тепасида ёш бола тургани тасвири тарқаган қиз Ш.И.нинг синглиси Х.И. бўларкан. Х.И. бола ўзиники эмаслиги, лекин у болани 5 ойлигидан буён ўзи қараб, катта қилиб келаётганини айтди. Шу куни опа-сингил бировнинг боласи бўлган ўша гўдак ака-укаларни туман ички ишлар бўлимига ҳам олиб келишган экан.

Улар ўзларини дўппослаган йигитларга даъволари йўқлигини ҳам айтишди.

Биз мардикор бозорга борганимизда ўша ерда кундалик иш ахтарувчи аёллардан бири жанжал нима сабабдан келиб чиққанини айтиб берди.

«Бу пулдорлар қишлоқлардан ёш қизлар ва аёлларни йиғиб келишади, фермерларга 15 минг сўмдан ҳисоблаб топширишади. Бизни қари, ишлай олмайди, деб иш берувчиларни айнитишади. Бизлар ҳам одам-ку, биз ҳам нон ейишимиз керак, рўзғоримиз бор. Участка нозирлари ҳам улар тараф бўлади, шунча одамни иш билан таъминлаяпти, деб. Улар холис ўртада туриши керак, ҳеч кимга ён босмасдан», — дейди у.

Зебинисо Раҳмонова, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи

Опа-сингиллар билан суҳбатлашган вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова ҳар қандай ҳолатда ҳам аёлларнинг бу тарзда калтакланишига йўл қўйиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, аёлларни калтаклаган эркакларнинг қилмишини қоралади. Аёлларни доимий иш ва уй-жой билан таъминлаш масаласида ёрдам қилинажагини айтди. Аммо бундай ёрдам кўрсатилишига опа-сингиллар ишонқирамай туришибди.

Нилуфар Сатторова, Самарқанд вилоят ИИБ ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори

Самарқанд вилоят ИИБ ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори Нилуфар Сатторова воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.

Самарқанд – Қарши трассаси бўйидаги мардикор бозорда рўй берган жанжалнинг тафсилоти шу. Жанжалнинг туб моҳияти етишмовчиликка тақалади. Рўзғордаги етишмовчилик, ишсизлик нозик хилқат бўлган аёлларнинг янада хўрланишига сабаб бўлмаяптими?

Ҳар қандай важ-корсон бўлмасин, аёлларни кўчада, ҳамманинг кўз ўнгида «самосуд» қилиб, калтаклаш ўринлими?

Қолаверса, бу манзилда кузатилаётган муаммоларни ечишнинг қандайдир имкони борми – мардикор бозорга боришни тақиқлаб қўйишдан бошқа?

Уч йилча аввал Самарқанд шаҳри Садриддин Айний кўчасидаги тартибсиз мардикор бозор, одамларнинг мулки «снос» қилиниб, вақтинчалик иш билан таъминлаш меҳнат бозори барпо этилиши ортидан келиб чиқаётган ноҳақликлар ҳақида ёзган эдик.

Хўш, бу ишлар охирига етказилдими? Етказилган бўлса, нега ҳамон мардикор бозор билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсатмоқда. Бу саволларга тушунарли қилиб жавоб бера оладиган одам борми Самарқандда?

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид