Ўзбекистон | 15:35 / 11.08.2022
13252
2 дақиқада ўқилади

Поп тумани ҳокими собиқ ўринбосари 6,5 минг доллар билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилган. Унда олдиндан жиноий тил бириктирган 3 нафар фуқаро ушланди. 

Дастлаб, Наманган вилояти Поп туманидаги 20 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон” массивини барпо этиш доирасида режалаштирилган 105 та кўп қаватли уйлардан 8 тасини қуриш рухсатини олиб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари талаб қилган ва ушбу пул маблағидан 40 минг долларини олдиндан беришини сўраган, Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланиб, ҳозирда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган, 1984 йилда туғилган шахс 2300 АҚШ долларини ўз хизмат ҳақи ва харажатлари учун олган вақтида ушланди.

Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида у олдиндан сўралган 40 минг АҚШ долларини муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ содир этган ҳаракатлари учун ҳозирда ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган танишига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, 37 700 АҚШ долларини олган вақтида ушбу шахс ҳам қўлга олинди.

Ўз навбатида, у ҳам ўзаро келишувга мувофиқ, умумий 80 минг АҚШ долларидан 48 минг долларини Поп тумани ҳокими собиқ ўринбосарига бериши кераклигини билдирди ва Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда собиқ мансабдор шахс 6,5 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид