Ўзбекистон | 12:16 / 13.08.2022
16663
3 дақиқада ўқилади

Мусаев нега баъзи давлат тиббиёт муассасаларида нархлар хусусий клиникага қараганда қимматроқ эканини тушунтирди

Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да депутатлар соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ишлари, маблағлардан оқилона фойдаланиш, олис ҳудудларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш, уларни кадрлар билан таъминлаш бўйича чоралар тўғрисидаги масалани муҳокама қилди. 

Фото: Қонунчилик палатаси

Парламент сайтида хабар қилинишича, ушбу масала юзасидан депутатлар саволларига соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев жавоб берди.

Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасуловга кўра, давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизмат нархлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан тасдиқланади. 

“Рақамларга назар солсак. Масалан, Болалар миллий тиббиёт маркази томонидан кўрсатилаётган баъзи хизматлар нархи (койка, лаборатор текширувлар, УЗИ ва бошқа таҳлиллар) хусусий клиникалар нархларидан 2 баробар қиммат. Ваҳоланки, туманлардан йўлланма (ордер) билан келган беморларга бепул хизмат кўрсатилса-да, ушбу хизматлар давлат бюджетидан қоплаб берилади. Мазкур нархлар ҳисоблаб чиқарилиши учун асос борми? Нархлар устидан ким назорат олиб боради?” - дея савол билан юзланди у.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг айтишича, ҳозирда суғурта тизими орқали қоплаш тизимида тажриба орттириляпти. Бу бўйича давлат суғурта жамғармаси бир қатор вазирлик ва идоралардан иборат бошқарув кенгаши бор. 

“Бир ой аввал йиғилганимизда бир қанча харажатларни оптималлаштиришга келишиб олдик. Мен сиз айтган мисолларга яна қўшимча қилмоқчиман.

Мисол учун, урология марказида даволаш протоколи бўйича стационарда даволаниш муддати 12 кун деб белгиланган. Ҳозирги кунда жаҳон амалиёти бўйича урология янги тиббий технологиялар ёрдамида операция қилиниб, уч кундан ортиқ даволанишга ҳожат қолмаяпти. 

Бир нарсани айтмоқчиманки, Болалар миллий тиббиёт маркази бугунги кунда 50 фоизи давлат бюджетидан, 50 фоизи “хозрасчёт” ҳисобидан фаолият олиб бормоқда”, деди у.

Унинг сўзларига кўра, даволаниш нархи ҳар бир клиникада унинг профили, беморнинг аҳволи, бажарилган муолажалар сони ва жарроҳлик аралашувига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб фарқ қилади.

Қайд этилишича, белгиланган таърифлар нафақат бу марказда, балки бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ишчи гуруҳлар тузилиб оптималлаштирилади, соддалаштирилади ва харажатларни қисқартириш чоралари кўрилади.

“Натижада, давлат суғурта жамғармасига ажратилган 556 млрд сўм бюджет маблағидан имтиёзли гуруҳга кирувчи касалларни кўпроқ даволаш имкониятига эга бўламиз”, деди Беҳзод Мусаев.

Мавзуга оид