Жаҳон | 11:35 / 02.09.2022
8871
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa учувчилари иш ташлаши 800 та рейснинг бекор қилинишига олиб келди

2 сентябрдаги иш ташлаш Lufthansa’нинг Германиядан 800 та рейсларини бекор қилишга олиб келади. Учувчилар иш ҳақини катта миқдорда оширишни ва маошларни инфляция билан боғлашни талаб қилмоқда. 

Фото: Getty Images

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси учувчилари 2 сентябр, жума куни бир кунлик иш ташлашни бошлади. Франкфурт-Майндаги Vereinigung Cockpit (VC) учувчилар касаба уюшмаси хабар беришича, иш ташлаш Германиядан Lufthansa ва Lufthansa Cargo томонидан амалга ошириладиган 800 та рейснинг бекор қилинишига олиб келади. Иш ташлаш ички ва халқаро йўналишларда 130 мингга яқин йўловчига таъсир қилади ва баъзи ҳолларда 3 ва 4 сентябрь кунлари рейсларнинг бекор қилиниши ҳамда кечикиши истисно қилинмайди, дея огоҳлантирди авиаташувчи. 

Касаба уюшмаси раҳбарияти бир кун аввал иш ташлашни тариф келишуви бўйича музокараларда муваффақият қозонмагани ва раҳбариятнинг муросага боришни истамагани билан изоҳлаган эди. «Иш ташлашнинг олдини олиш учун Lufthansa анча яхши таклиф билан чиқиши керак», дея маълум қилди VC. Касаба уюшмалари бу йил 5000 капитан ва биринчи учувчиларнинг иш ҳақини 5,5 фоизга оширишни ва маошларни инфляция билан автоматик боғлашни талаб қилмоқда. 

Lufthansa бу талабларни ҳаддан ташқари кўп деб атади ва агар улар бажарилса, компаниянинг иш ҳақи ва ходимлар харажатлари яқин икки йил ичида 40 фоиздан кўпроқ ёки 900 миллион еврога ошишини таъкидлади, бу эса, таъкидланганидек, мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Раҳбарият касаба уюшмасига яхши ва ижтимоий жиҳатдан мувозанатли пакет таклиф қилганини кўрсатди ва касаба уюшмаси раҳбариятини музокаралар столига қайтишга чақирди. 

Мавзуга оид