Қимматлаган мактаб дарсликлари: ижтимоий тармоқ фаоллари қандай муносабат билдиришди?
Мактаб дарсликларининг ижара тўлови кескин ортгани ортидан ижтимоий тармоқлар қайнамоқда. Кимлардир 100 минг сўмнинг нари-берисидаги сумма арзимас эканини таъкидлаётган бўлса, бошқалар узоқ туманларда 2-3 нафар фарзанди мактабга борадиган оилалар учун бу сезиларли харажат бўлишини айтишмоқда.
Интернетдаги фикр етакчилари, блогерлар ҳам бу борада ўзларининг фикрларини илгари суришмоқда.
Филолог, журналист ва блогер Шаҳноза Соатовага кўра, бу масалага бозорда сотилаётган китоблардек қараб, нархдан норозиликни боласига китоб учун пул қизғаниш, дея талқин қилиш нотўғри.
«Ҳеч ким ота-оналардан дарсликлар ижарага берилиши масаласини ҳам, унинг шартларини ҳам аввалдан муҳокама қилмаган, ижтимоий келишув бўлмаган. Энди эса яна кенгашмай нарх 2–3 баравар ошириляпти.
Бир томон ҳар доим ўзича шартларни ўзгартирадиган ва бошқа томон бажаришга мажбур бўладиган ҳолат асло шартномавий муносабат эмас. Шундай ҳолда ота-оналарга ҳар йили шартнома имзолатилиши ва шартлар ўзгаравериши, истеъмолчида эса танлов имконияти бўлмаслиги адолатсизлик.
Таклиф шуки, бундай масалалар ота-оналар билан келишиб ҳал этилсин. Ҳозирги нархлар ўзгармас экан, давлат масаланинг ижтимоий аҳамиятини эътиборга олиб ва ўзининг бепул таълимни таъминлаш масъулиятидан келиб чиқиб, «ёстиқча» пайдо қилиши, яъни аввалги йилги ижара нархлари билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқни тўлаб бериши адолатдан бўлади.
Дарсликлар буткул бепул бўлгани яхши, деб популистлик қилишим мумкин эди-ю, аммо бир муддат дарсликлар чоп этилиши жараёнида қатнашганим учун биламанки, тўлиқ давлат тўласа, ўғриликлар каррасига ортади, бюджетни яна халқ тўлдиришига тўғри келади. Ошган солиқлар шаклида барибир шу пулни тўлаймиз кейин. Ундан кўра, рамзий миқдорда бўлса ҳам, оз қисмини қўлдан бериб, ҳисобини ўзимиз сўраб турганимиз маъқул».
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевга кўра, муаммо ижара ҳақининг мавжудлигида эмас, балки нархнинг ҳе йўқ, бе йўқ, 2 баравар ошиб кетганида.
«Бунинг ортидан «ўзи нега дарсликларга пул тўланяпти?» деган саволлар берилмоқда, дарсликларни чоп этувчи типографияларни ўрганиш бошланди. Ҳаммаси яхши, жамоатчилик назорати бўлиши керак.
Бундай кескин даражада ошган нарх халқ учун оғирлик қилади. Кутилмаганда уларнинг чўнтагига берилган зарба бўлиши шубҳасиз. Боз устига, айрим синфларнинг дарсликлари умуман янгиланмаган, аммо уларда ҳам нарх ошиб кетган. Буниси энди 2 ҳисса адолатсизлик бўлди.
Бундай нарх сиёсати одамларда дарсликларнинг янгиланишига қарши салбий таассурот уйғотади. «Ҳе, янгиламай ҳар бало бўлгурлар, ундан кўра болам эски дарсликда ўқигани яхши эди», дейишади. Сабаби барчамизга маълумки, шу кунгача яратилган дарсликларнинг аксарияти сифатсиз бўлган.
Лекин ижара нархининг 2 баравардан кўпроқ ошиши мана шу қилинаётган катта ҳажмли ишларни сўроқ остида қолдиради, халқда нафрат пайдо қилади.
Шу сабабли дарслик ижарасининг нархларини ўтган йилдагидан ошмайдиган қилиб мораторий эълон қилиш, етмаётган қисмини эса давлат бюджетидан қоплаш керак.
Ёки иккинчи каттароқ йўл: дарсликларни бутунлай текин қилиб қўйиш, ҳамма харажатларни давлат бюджетидан қоплашдек инқилобий қадамни қўйиш керак. Бошқа айрим соҳаларга бебилиска маблағ сарфланаётган бир вақтда, халқ таълимидан ва дарсликлардан пулни қизғаниш нотўғри бўлади», — деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Блогер DavletovUz дарсликларни қайси ташкилотлар чоп этаётгани масаласига эътибор қаратган.
«Мактаб дарсликларининг ижара нархи уч бараваргача ошиши жамоатчилик диққат эътиборидаги асосий масалага айланди. Халқ таълим вазирлиги эса ўзини оқламаган экспериментлар, жамоатчилик айюҳанносига учраётган — бир жойда депсиниб турган идорага айланди-қолди.
2022 йилги давлат бюджети параметрларига кўра, Республика мақсадли китоб жамғармасига 605 млрд сўм маблағ ажратилиши керак эди. Хўш, ушбу маблағлар қайси компанияларга кетмоқда?
Давлат харидлари портали янгиланган (бадтар бўлган)дан бери, аниқроғи 2022 йилнинг 1 январидан Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликлар чоп этишга эълон қилинган тендерларда «KOLORPAK» МЧЖ, агар адашмаган бўлсак, 260 млрд сўмдан ортиқ буюртмани ютган. «O‘ZBEKISTON» NASHRIYOT MATBAA IJODIY UYI эса (100% давлатники) 110 млрд сўмдан ортиқ давлат буюртмасини олган. Ғафур Ғулом нашриёти (тўлиқ давлатники) эса тахминан 26 млрд сўм атрофида буюртма олган. «YANGIYUL POLIGRAPH SERVICE» МЧЖ эса тахминан 47 млрд сўмлик буюртма олган.
Дарсликлар Конституция ва давлат кафолатлаган бепул мактаб таълимининг узвий ва ажралмас қисмидир. Айниқса, президент Шавкат Мирзиёев нажотни таълимда кўраётган экан, мактаб дарсликлари бепул бўлиши лозим», — деб ёзади DavletovUz.
Ношир ва тадбиркор Феруз Аллаев фикрига кўра, мактаб дарсликлари учун нархлар адолатли белгиланган.
«Мавзуни яқиндан ўрганиб чиқдим. Масалан, 2-синф боласига 102700 сўм эвазига 18 та дарслик берилар экан. Дарсликнинг ўртача нархи 5705 сўм. Дарслик уч йил давомида ишлатилса 17100 сўмга тўғри келяпти.
Энди шунчаки босма нархларини келтираман. Бугун оддий оқ-қора сифатли қоғозда 300 бетлик китобни 3000 нусхада чоп этиш нархи 20000 сўм атрофида. Бу ҳали фақат чоп этиш нархлари. Китобни тайёрлаш, муҳаррирлар, корректорлар, муаллифлик ҳуқуқлари ҳисобга олинмаган. Агар китоб рангли чоп этилса, нарх камида икки маротабага ошади. Китоб, жуда катта ҳажмда миллионлаб чоп этилган тақдирда ҳам харажатлари билан 17100 сўм чиқиши жуда зўр натижа. Буюртма қилиб китоб чоп эттирадиган одам сифатида айтяпман. Тахминим бўйича нархнинг бир қисми субсидия қилинади.
Китобнинг ҳамма харажатлари билан қўшганда таннархи қимматлиги учун ҳам оддий оқ қора китобларнинг бозордаги ўртача нархи бугун 35–40 минг атрофида. Шу томондан келиб чиқса нарх адолатли қўйилган.
Энди масаланинг иккинчи томонига келамиз. Китобларни чоп этишда бюджетдан пул ажратилганми? Агар ажратилган бўлса қанча? Агар тўлиқ молиялаштирилган бўлса, унда нима учун аҳолидан пул олиняпти? Аминманки, бюджет молиялаштирган бўлса, вазирликнинг калласи мингта эмас, аҳолидан пул йиғишга «духи» етмасди. Бюджетдан харажатлар молия томонидан қанақа назорат қилинишини яхши биламан.
Шу учун ҳам китоблар нархлари бюджетдан молиялаштирилмаган ҳолатдан келиб чиқилса жуда арзон. Агар бюджетдан молиялаштирилган бўлса, қанча қисми, деган жойи бор.
Бу саволларга жавоб бериш учун депутатлар ўзи овоз берган бюджет лойиҳасини кўтариши ва ундан қанча қисми дарсликлар учун ажратилганлигини кўриб чиқиши керак.
Бу йил 64 миллион дона дарслик ва қўлланмалар буюртма қилинган экан. Демак, бюджетдан ажратилган 605 миллиард сўмни 64 миллионга бўладиган бўлсак, бюджетдан ҳар бир китоб учун ўртача 9453 сўм ажратилган экан. 17100 сўм ота-онадан уч йилда олинадиган пулни ҳисобласа, бир дарслик нархи 26553 сўмга тўғри келяпти. Шунда ҳам арзон.
Энди савол туғилади, дарсликлар бепул бўлиши керак бўлса, бюджетдан нимага бунақа кам сумма ажратилган? Ёки дарсликлар пулли бўлиши керак бўлса, бюджетдан нимага пул ажратилган?»
Иқтисодчи эксперт Отабек Бакиров ўз Теlegram-каналида охир-оқибатда худди шундай бўлишини бир йил аввал «O‘QITUVCHI» матбаа уйи «KOLORPAK» МЧЖ назоратига ўтганида, дарсликларини тайёрлаш буюртмаси тўсатдан давлат нашриётидан олиниб, «KOLORPAK» МЧЖга берилганида айтиб ўтгандик, деб ёзади.
«Қоғоз нархи ошгани умуман аҳамиятсиз, логистика қийинлашгани ўринга эга эмас. Булар триллионлаб суммада кафолатланган буюртмаларни ўзлаштириш учун нархларни барибир шиширишарди.
Шу маънода мен эътирозлар манзилини тушунмайман. Нега Халқ таълими вазирлигига, қанақадир пулхонага айланиб қолган марказлар, инспекцияларга шикоят қилинмоқда? Ахир улар шериклар-ку?! Горизонтал бўйича шериклар. Шунинг учун ҳам дарсликлар уч карра қимматлаган.
Хўш, нима қилмоқ керак дейсизми? Ўзбекистонда ҳозирча халқ сайлаган битта институт бор — Президент. Қолган ҳаммаси чала, аморф ва ўлик. Халқда неки дард бўлса, фақат Президент ниманидир ўзгартириш мумкин. Шунинг учун умид давлат раҳбаридан.
Хўп, унгача нима қилиш керак, дейсизми? Унгача:
Биринчидан, уч карра қимматлаштирилган китоб олишдан бош тортиш керак.
Иккинчидан, бундан бу ёғига, қиймати 1 миллион доллардан ортиқ ҳар қандай буюртма ва тендер халқаро мақомга эга бўлиши зарур. Бунча катта ҳажмдаги дарслик ва ўқув қўлланмаларни Финландия ё Туркияда чоп этиб келиш ҳам арзон, сифатлироқ бўларди, дейишмоқда. Нима, ўқувчи ва ота-оналарнинг китоб маҳри «KOLORPAK»ка тушганми?» — деб ёзади Бакиров.
Мактаб дарсликларини ишлаб чиқишга масъул бўлган давлат идораси — Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов Facebook’даги ўз саҳифасида «Ижтимоий тармоқлар орқали менга ва Республика таълим марказига уюштирилаётган ахборот хуружларидан сездимки, бизга қарши жиддий кураш бошланган», деб ёзди.
«Сўнгги 3 йилда кўпчиликнинг думини босиб қўйдик. Булар орасида энг катта бурилиш — дарсликлар тайёрлаш вазифаси нашриётлардан олиниб, Республика таълим марказига берилгани бўлди. Бунинг бош сабаби деярли 20–30 йилдан бери бир хил мазмундаги дарсликларнинг чоп этилаётгани, шунингдек таълим мазмунини янгилашда туб бурилиш ясаш эди.
Шу йилнинг 6 ойида Республика таълим марказида ҳар куни 2,5 тадан, жами 300 номдаги дарслик-қўлланма тайёрланди. Бу йил жами 60 млн дарслик босилиши режа қилинган. Бу Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган рақам. Илк маротаба хориж дарсликлари мослаштирилди, таржима қилинди, бирга ёзилди. Бу орада эски авлод муаллифлар мактабини янгилаш учун айримлардан воз кечилиб, 350 нафарлик янги авлод муаллифлари мактаби шакллана бошлади.
Уюштирилган материалларда дарсликлар ижара нархи ошиб кетганини Республика таълим маркази билан боғлашибди. Дарсликларнинг яратилиш нархини шакллантириш учун одатда йил бошида нашриётлардан нарх ўрганамиз ва бу нархлар экспертиза хулосалари билан асосланади. Яъни уларни яратиш учун бозордан ошиқ ёки сунъий нарх қўйишнинг имкони йўқ. Дарслик ижара нархининг қисман кўтарилиши халқаро бозорда қоғоз нархининг ошиб бораётгани билан боғлиқ.
Дарсликлар сифати, мазмуни ва янги ёндашув билан мактабларга янги руҳ, янгича муҳит кириб боряпти. Буни ўқитувчилар ҳис қилишяпти, ўқувчилар ҳис қилишяпти. Бу масалада мен очиқчасига музокарага тайёрман.
Бирор ташкилот ёки шахсга осонгина қора чаплаб, меҳнати ва номини йўқ қилишнинг замонавий усуллари — ижтимоий тармоқ орқали медиа хуружини уюштириб, халақит қилаётганларни ва тизимни йўқ қилиш одатий механизмга айланяпти.
Агар менга ва жамоага қарши шундай йўлдан борилаётган бўлса, мен бошлаган ишларни тўхтатиб, таълимдан кетишга тайёрман. Чунки бундан ташқари бошқа кўплаб соҳаларда ҳам ишлай оламан.
Ниятим доим холис бўлган — мактаб таълими учун қизиқарли, замонавий таълим муҳити яратиш. Атрофимдаги юзлаб экспертлар, зиёли инсонларни ҳам шу мақсад жипслаштирган», — деб ёзган Шуҳрат Сатторов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республика мактабларида дарслик тўпламларининг ижара тўлов миқдори маълум қилинган эди. Унга кўра, синфлар бўйича дарсликларнинг ижара тўлови 180 фоиздан 341 фоизгача ошгани ҳисоблаб чиқилган.
Мавзуга оид
14:50 / 23.10.2024
Мисрда инглиз тилидаги илк Ўзбек тили грамматикаси дарслиги яратилди
11:54 / 29.09.2024
Собиқ совет давлатлари тарих дарсликларида Россия салбий образда тасвирланаётганидан шикоят қилинди
16:58 / 12.09.2024
Россияда 8-9-синфлар учун дронлар бўйича дарслик чоп этилди
16:18 / 06.01.2024