Иқтисодиёт | 09:34 / 21.09.2022
45098
2 дақиқада ўқилади

Автомобил ишлаб чиқариш ортган, газ камайган, бензин бироз ошган – саноат ишлаб чиқариш статистикаси эълон қилинди 

Ўтган йилнинг январ-август ойига нисбатан енгил автомобил ишлаб чиқариш 35,5 фоизга ошган. Статқўм эълон қилган саноат статистикасида шу каби муҳим рақамлар ўрин олди.

Фото: UzAuto Motors

Давлат статистика қўмитаси январ-август ойларидаги саноат ишлаб чиқариш статистикасини эълон қилди.

Автомобил

Унга кўра, ўтган йилга қараганда 66 019 тага кўпроқ енгил автомобил ишлаб чиқарилган. Бу 35,5 фоиз ўсиш дегани. Ишлаб чиқарилган автомобиллар таркиби қуйидагича:

  • 60 660 дона “Cobalt” (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 65,4 % га ошди);
  • 15 680 дона “NexiaT-250” (7,3 % га кўпайди);
  • 55 476 дона “Lacetti-Gentra” (2,1 мартага ошди);
  • 8 657 дона “Spark” (33,5 % га ошди);
  • 12 168 дона махсус енгил автомобиллар (37,4 % га ошди);
  • 46 622 дона “Damas” (24,2 % га ошди);
  • 92 дона “Trekker”.

Қизиғи, энг оммабоп автомобиллар – Spark, Cobalt ва Nexia-3 ишлаб чиқариш 2022 йилнинг 8 ойида ошганига қарамай, ҳануз ушбу автомобилларни ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилдаги даражага етмаганини кўриш мумкин.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Бензин, дизел, цемент

Статистика ўтган даврда  саноатда 768,8 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилганини кўрсатмоқда - бу 2021 йилнинг январ-август ойларига нисбатан 3,8 фоизга ўсиш дегани.

Аммо дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми 16 фоизга қисқарган бўлса, ўтган йилгига қараганда 5,9 фоизга камроқ цемент ишлаб чиқарилган. 

Ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажми кескин қисқарган - 12,3 фоизга.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Газ, нефт, кўмир

Саноатда ўтган даврда газ ва газ конденсати ишлаб чиқариш қисқаргани эътиборга молик. 2022 йилнинг 8 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 452,5 млн куб камроқ газ ишлаб чиқарилган бўлса, газ конденсати ҳажми 24,5 минг тоннага қисқарган.

Нефт қазиб олиш ўтган йил даражасига етди. Кичик 0,1 фоиз ўзгариш билан   2021 йилда бошланган қисқариш тўхтади (Ўтган йил нефт қазиб чиқариш 5,4 фоизга қисқарган).

Кўмир ишлаб чиқаришда 7,4 фоиз ўсиш қайд этилган.

Мавзуга оид