Спорт | 15:01 / 01.10.2022
13258
13 дақиқада ўқилади

Манчестер ва Лондонда дерби, «Рома» «Интер»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Европада клублар футболи энг тиғиз паллага келмоқда. Жаҳон чемпионати туфайли октябр ойида ҳар уч кунда футбол кўрамиз, топ-клублар эса шу ойнинг ўзида 10тадан учрашувда майдонга тушадилар. Чемпионатлардаги мувозанат ҳам, ЕЧЛ гуруҳ босқичи ҳам айнан шу ойда деярли ҳал бўлади. Эл Класико-ю Дер Классикер, А Сериянинг ҳам класикоси бўлмиш «Ювентус» ва «Милан» тўқнашуви, Манчестер ва Лондон дербилари айнан шу ойда бизни кутиб турибди. Қани, бугундан бошладик.

АПЛ. 9-тур
1 октябр (шанба)
АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ
Ўйин бошланиш вақти:
 16:30
Трансляция: Setanta Sports

Шимолий Лондон дербиси. Биргина шу таърифнинг ўзи ушбу учрашувга эътибор қилиш учун етарли бўлса-да, бу сафар турнир жадвали нуқтаи назаридан ҳам энг марказий ўйинига айланган ва ҳатто Манчестер дербисини ҳам соя остида қолдириши мумкин. Артета шогирдлари 7 ўйиндан 6тасида ғалаба қозониб, якка пешқадам бўлиб турган бўлишса, «Тоттенҳэм» атиги бир очко ортда бормоқда ва ҳали мағлубиятга учрагани йўқ.

Аммо ҳар икки жамоанинг бундай ижобий серия кўрсатишига мусобақа тақвими ҳам таъсир қилганини таъкидлашмоқда. «Арсенал» ҳам, «Тоттенҳэм» ҳам ушбу мавсумда топ-6га қарши биттадан ўйинда майдонга тушишди. «Арсенал» «Олд Траффорд»да мағлубиятга учраган бўлса, Конте жамоаси «Стэмфорд Бриж»да фақат сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирди. Яъни, ҳозирча бу жамоалар нисбатан кучсизроқ рақиблар билан йўқотишсиз кетаётганликлари учун ҳам олдинда боришмоқда ва бу дерби ҳар икки жамоа учун ҳам катта имтиҳон.

Ўйин терма жамоалар йиғинларидан сўнг бўлаётгани учун асосий таркибни тахмин қилиш қийин, зеро қайси футболчи қандай формада бўлиши ҳозирча маълум эмас. Агар танаффусдан олдинги ҳолатдан келиб чиқсак, мезбонларда Смит-Роунинг жароҳати Артетанинг қўлини боғлаши мумкин. Ундан ташқари, Седрик Соареш, Эл-Ненниларнинг ҳам жамоага ёрдам бериши сўроқ остида. «Тоттенҳэм»да йўқотишлар жиддийроқ – Льориснинг дарвозада туриши сўроқ остида, шунингдек, сўнгги пайтларда олдинги чизиқда асосий фигуралардан бирига айланган Кулусевски бир неча кунга сафдан чиққан. Лекин «Лестер»га қарши ўйин Сон Ҳён Миннинг ҳам қайтганини кўрсатди. Контеда таркиб танлашда муаммо бўлмаслиги керак.

Ўзаро ўйинлардаги яқин тарихга қарасак, охирги икки мавсумда ким мезбон бўлса, ўша жамоага омад кулиб боқмоқда. Сўнгги 30 ўйинда умуман натижалар тенг – ҳар икки томонда 11тадан ғалаба. Яна бир қизиқ маълумот – Премьер-лига ташкил бўлганидан буён «Арсенал» мавсум якунларида қўшниларидан доим юқорироқ ўринни эгаллаб келган. Аммо беш йилдан бери мувозанат ўзгарди ва энди «Тоттенҳэм» мавсумни юқорида якунламоқда. Нафақат бугунги ўйин, умуман мавсум нуқтаи назаридан ҳам анча принципиал тўқнашувнинг гувоҳи бўлишга тайёргарлик кўраверинг.

А Серия. 8-тур
1 октябр (шанба)
ИНТЕР – РОМА
Ўйин бошланиш вақти:
 21:00
Трансляция: Спорт

Кўпчилик А Сериянинг жорий мавсумини айнан «Интер» ва «Рома» кучли бошлашини тахмин қилишганди. Миланликлар ўтган мавсумда чемпионлик учун курашишган ва ёзда бир қатор зарур трансферларни амалга оширишган. «Рома» эса трансфер бозорида энг яхши ишлаган клуб бўлди – Матич, Белотти, Вейналдум, Дибала каби тажрибали футболчилар келиб қўшилди. Моуриньонинг иккинчи мавсуми ҳақидаги афсоналар ҳам ҳали буткул бекор қилинмади.

Лекин кутилмаганда, август-сентябр кўпроқ «Наполи», «Аталанта» ва «Удинезе» каби жамоаларга аталди. Қаҳрамонларимиз эса ҳозирча олтинчи ва еттинчи ўринларни эгаллаб туришибди. Эътиборли жиҳати, ҳар икки жамоа айнан катта ўйинларда ишончни оқлай олмаяпти – «Интер» аллақачон ҳам «Лацио», ҳам «Милан», ҳам «Удинезе»га мағлубиятга учраб улгурди, Чемпионлар лигасида «Бавария»га қарши ҳеч нарса қила олмади. «Рома» эса ўтган турда «Аталанта»га ўз майдонида имкониятни бой берган бўлса, «Удинезе»га қарши сафар ўйини йирик мағлубият билан якунланганди. Тахмин қилиш мумкинки, ҳар икки мураббий учун ҳам ҳал қилувчи тўқнашув бўлади ва агар кимдир мағлубиятга учрайдиган бўлса, ҳатто курсиси қимирлаб, истеъфо ҳақида хабарлар чиқа бошлаши мумкин.

Йўқотишларга келсак, «Интер» сафида Марцело Брозовичнинг йўқлиги билиниши табиий. Футболчи сариқ карточкалар кўпайиб кетгани учун дисквалификация қилинган. Бунинг устига у миллий жамоалар йиғинида Австрияга қарши учрашувда жароҳат ҳам олиб, қисқа муддатга сафдан чиқди. «Интер»ни келаси ҳафта «Барселона»га қарши муҳим ўйин кутиб турганини эътиборга олсак, жиддий йўқотиш. Римликлар таркибида жароҳатланганлар йўқ ҳисоби. Фақат майдон четида бир инсоннинг йўқлиги билиниши аниқ – Жозе Моуриньо «Аталанта»га қарши ўйинда ҳакам томонидан четлатилганди. «Интер»га қарши жамоани унинг ёрдамчиси Салваторе Фоти бошқариб туради.

Ўзаро ўйинларга келсак, 2017 йилнинг февралида «Рома» рақиби устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Голларни Наингголан ва Перотти, миланликлардан эса Икарди киритган. «Рома» таркибида Салоҳ, Жеко ва Шченсни, «Интер»да эса Медел ва Кондогбиялар тўп сурган. Ўша таркибдан «Интер»да фақат дарвозабон ва бугун майдонга туша олмайдиган Брозович қолган бўлса, «Рома»да ҳеч ким йўқ. Яъни анча бўлди. Хуллас, ўша учрашувдан бери 11 ўйин ўтди ва римликлар «Интер» устидан ғалаба қозона олгани йўқ. Дарвоқе, мана шу эсланган ўйин ҳам Миланда бўлиб ўтганди.

Ла Лига. 7-тур
1 октябр (шанба)
СЕВИЛЬЯ – АТЛЕТИКО
Ўйин бошланиш вақти:
 21:30
Трансляция: ЁшларТВ

Ла Лигада чемпионлик кураши катта эҳтимол билан «Реал» ва «Барселона» ўртасида кечиши кўриниб турибди. Сўнгги мавсумлардан фарқли равишда, бу жамоаларда муаммолар йўқ ва бундай шартларда кейинги эшелоннинг қаршилик қила олиши имконсиз. Аммо қўйироқда, яъни Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун ҳам анча шиддатли курашнинг гувоҳи бўлишимиз эҳтимоли катта. Мавсумни яхши бошлаган «Атлетик» ва «Бетис»ни ҳозирча қавс ичига олиб турсак, яна уч жамоа – «Севилья», «Атлетико» ва «Вильяреал» таркиби, тажрибаси, Европадаги ўрни (қизиғи, охирги тўрт йилда учала жамоа ҳам Европа лигаси ғолиби бўлган) нуқтаи назаридан бир-бирига жуда мосдир. Турли услуб ва мураббийлар, аммо ўзаро мос савиядаги ижрочилар бўлган бу уч жамоа якунда қандай натижага эга бўлиши албатта, қизиқ. Уларнинг ўзаро ўйинлари эса табиийки, Ла Лиганинг ҳақиқий сифат белгисини намойиш қилади – Эль-Класико кўпроқ дунё футболи тўқнашуви бўлса, мана бундай ўйинлар Ла Лиганинг ҳақиқий ташриф қоғозидир.

Аммо бугунги турнир жадвалига қараганимизда, «Атлетико» ҳам, айниқса, «Севилья» ҳам кутилганидан кўп очко йўқотди ва энди юқорига чиқишга уринмоқда. Бундай шароитда ҳар қандай йўқотилган очко вазиятни оғирлаштириши шубҳасиз. Ўтган турда «Севилья» «Вильяреал» билан дуранг ўйнаган бўлса, «Атлетико» Мадрид дербисида ютқазди. Октябр клублар учун жуда тиғиз ва бу жамоалар Чемпионлар лигасида ҳам тўп сураётганини эътиборга олсак, жуда муҳим ҳам. Шундай даврни албатта, ғалаба билан бошлаш шарт.

Мезбонлар таркибида Корона ва Маркаода жароҳатлар бор ва бу ўйинда майдонга туша олишмайди. Симеоне шогирдлари ичида фақат Марио Эрмесо шерикларига ёрдам бера олмайди. Эсингизда бўлса, у «Реал»га қарши ўйинда аввал ҳисобни тенглаштирган, кейин эса майдондан четлатилганди. Футболчи бугун дисквалификациясини ўтайди.

АПЛ. 9-тур
2 октябр (якшанба)
МАНЧЕСТЕР СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД
Ўйин бошланиш вақти:
 18:00
Трансляция: Setanta Sports

Дерби олдидан ўтказилган матбуот анжумани Пеп Гвардиола рақиб мураббийи Эрик тен Ҳаг ҳақида илиқ фикрлар айтди ва ўзидан кейин «Манчестер Сити»ни бошқариш учун Эрик муносиб номзод бўларди, деди. Бу албатта катта эътироф ва яна бир жиҳатни ифодалайди – услубан мураббийлар жуда яқин, Эрик тен Ҳаг Манчестернинг қизил тарафида ҳам худди Гвардиола жамоасидек услубдаги жамоа қуриши мумкин. Дербида эса тен Ҳаг ўша ўзи интилаётган ва тайёр жамоага қарши синовдан ўтади.

Албатта, бугунги «Манчестер Юнайтед» ўйинни тўлиқ назорат қиладиган «Аякс» ёки «Манчестер Сити»дан анча узоқ, айниқса, катта рақибларга қарши тен Ҳаг қарши ҳужумларга таянган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Жамоа таркибидаги ижрочилар ҳам асосан Моуриньо ва Сульшер даврида шаклланган, табиийки, дастлабки ойларда уларнинг устунликларига мос шаклда тактика танланади. Умуман «Манчестер Сити»га қарши ҳар қандай жамоа ҳам қарши ҳужумларга таяниши табиий. «Юнайтед» мухлислари айнан тезкор қарши ҳужумлар учун мос бўлган Рэшфорд ва Марсиялнинг жароҳатидан хавотирда эдилар. Лекин маълум бўлишича, Марсиял ҳафта давомида жамоа билан шуғулланган, Рэшфорд ҳам қайтган. Меҳмонлар таркибида фақат Ҳарри Магуайр миллий жамоа ўйинида жароҳат олди ва дербида ўйнай олмайди. Лекин шундоқ ҳам жамоа сардори сўнгги учрашувларда захирада қолаётганди.

Ҳар икки мураббийга берилган саволлар ичида журналистлар Ҳоланд – Мартинес дуэлига эътибор қаратдилар. Шубҳасиз, Ҳоланд ҳозирда АПЛнинг энг яхши ҳужумчиси, Мартинес эса дастлабки турларда паст бўйи туфайли кўп муҳокамаларга сабаб бўлса-да, кейинчалик ўз ўйинини топди ва кўп кўрсаткичлар бўйича ҳозирда турнирнинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бири бўлиб турибди. Гвардиола Мартинес ҳақида илиқ фикрлар билдирган ҳолда, Ҳоланднинг бўйи баланд экани ва жарима майдонида бу устунлик бериши мумкинлигини таъкидлади. Айтганча, бу икки футболчи ўтган мавсумда бошқа жамоалар сафида ЕЧЛ мусобақасида тўқнаш келишган. Ўшанда ҳимоячининг қўли баланд келганди. Мезбонлар сафида марказий ҳимояда муаммолар бор. Ляпорт ҳам, Стоунз ҳам жароҳатланишган. Лекин сўнгги ўйинларда Аканжи ҳам юқори савияда ўйин кўрсатаётганини таъкидлаш зарур.

Ўзаро ўйинларга келсак, охирги ўн йилликни олганда, деярли тенгликни кўришимиз мумкин. «Манчестер Сити» лигада гегемонлик қилаётган бўлса-да, айнан дербиларда яққол устунликни кўрмаймиз. Фақат охирги мавсум жамоалар ўртасидаги фарқни очиб берди. «Юнайтед» ўз ғалабаларини асосан ҳимоявий услубда ва алоҳида режа билан ютган бўлса, ўтган мавсумнинг ҳар икки ўйинида «Манчестер Сити» яққол устунлик қилди ва умумий 6:1 ҳисобида икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Бемалол икки баробар кўпроқ гол уриши ҳам мумкин эди. Эрик тен Ҳаг бу фарқни қай даражада қисқартирди, «Арсенал» ва «Ливерпуль»га қарши ўйинлар каби, бу сафар ҳам аниқ режа ва ижрони кўра оламизми, бу саволларга якшанба куни жавоб оламиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

1 октябр. НАПОЛИ – Торино (18:00), Айнтрахт – УНИОН БЕРЛИН (18:30), Кристал Пэлас – ЧЕЛСИ (19:00), ЛИВЕРПУЛЬ – Брайтон (19:00), Мальорка – БАРСЕЛОНА (23:55)

2 октябр. ЛАЦИО – Специя (15:30), АТАЛАНТА – Фиорентина (21:00), ЮВЕНТУС – Болонья (23:45),ПСЖ – Ницца (23:55), РЕАЛ – Осасуна (23:55).

Мавзуга оид