Жаҳон | 23:36 / 07.10.2022
17625
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россияга огоҳлантирувчи зарбалар бериш ҳақидаги сўзларини тушунтирди 

Украина президенти Владимир Зеленский Россияга огоҳлантирувчи зарбалар бериш ҳақида гапирганида ядро қуролидан фойдаланишни назарда тутмаганини айтди. 

Фото: Genya Savilov, Pool Photo via AP

Унинг сўзларига кўра, гап ядро урушининг олдини олиши керак бўлган Ғарбнинг янги санкциялари ҳақида кетаётган эди. 

«Дунё бу ҳолатда санкция пакетини тақдим қилиши ва уларнинг (Запорижжя) атом электр станциясини тарк этиши учун барча чораларни кўриши мумкин», деб Зеленский сўзларини келтирди ТАСС. 

Шунингдек, у Россияга қарши огоҳлантирувчи зарбалар бериш ҳақидаги сўзлари нотўғри тушунилганини ва Москва бу сўзлардан «ўзига қулай тарзда фойдаланиб, бошқа йўналишларга буриб юборганини» айтди. 

Аввалроқ, Зеленский НАТО Россия Федерациясига қарши «огоҳлантирувчи» зарбалар бериши, «Россиянинг ядровий зарбаларини кутмаслиги» кераклиги ҳақида гапирган эди. 

«НАТО нима қилиши керак? Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини йўқ қилиши керак.... Улар (ядро қуролидан) фойдаланса, нима кутаётганини билиши учун огоҳлантирувчи зарбалар (бериш керак). Аксинча эмас. Россиянинг ядро зарбасини беришини кутиб, сўнгра: «Вой, шунақа қилдингми, мана сенга биздан!» демаслик учун. Босим ўтказиш усулини қайта кўриб чиқиш лозим. НАТО шундай қилиши керак: фойдаланиш тартибини қайта кўриб чиқиши лозим», деган эди Зеленский Австралиянинг Лоуи институтида видеоалоқа орқали қилган маърузасида. 

Мавзуга оид