ДХХ Тошкент вилоятида 3,2 млрд сўмлик муддати ўтган дорилар савдосининг олдини олди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси, вилоят ИИББ ҳамда Давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
ДХХ хабарига кўра, унда Янгийўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, хорижда ишлаб чиқарилган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини қайта қадоқлаш орқали сотувга чиқариш билан шуғуллангани фош этилди.
Ушбу манзилда 34 турдаги 445 минг дона дори воситалари борлиги аниқланди. Улардан 24 турдаги дори воситалари Франция, Германия, Бельгия, Венгрия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Украина давлатларида ишлаб чиқарилган бўлиб, яроқлилик муддати 2007-2020 йиллар оралиғида тугаган.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дори воситалари умумий қиймати 3 млрд 185 млн 250 минг сўмни ташкил этади. Ноқонуний цехда қадоқлаш ва дори воситаларининг муддатини ўзгартириш ускуналари, қалбаки штамп ва муҳрлар борлиги ҳам маълум бўлди.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам Божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Фарғона - Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Яшнобод туманидаги автотураргоҳлар бирида тўхтаган “Исузу” русумли юк машинаси кўздан кечирилганда, унда хорижда ишлаб чиқарилган, лекин, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 4 турдаги жами 72 425 дона, умумий қиймати 231 млн 760 минг сўмлик тиббиёт буюмлари борлиги аниқланди.
Қўшни давлат ҳудудидан айланма йўллар орқали мамлакатга олиб кирилган ушбу тиббиёт буюмлари Фарғона шаҳрида яшовчи аёлга тегишли бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
08:30 / 04.11.2024
ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
18:09 / 25.10.2024