Ўзбекистон | 23:45 / 17.10.2022
40996
4 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича дунёда 1-ўринга чиқди

17 октябр оқшомида Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги бўйича IQAir рейтингида Деҳлини ҳам ортда қолдириб, дунёда 1-ўринга чиқди. Бу – сон-саноқсиз дарахткесарликлар, пала-партиш қурилишлар ва сифатли жамоат транспорти йўқлиги сабаб шаҳарда автомобиллар кўпайиб бораётгани фонида юз бермоқда.

Фото: Kun.uz

Бугун, 17 октябр оқшомида Тошкент атмосфера ҳавосининг ифлослангани бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бу борадаги онлайн индексни IQAir порталида кўриш мумкин.

“Ўзгидромет” станциялари қайд этиб борувчи кўрсаткичларга асосланувчи IQAir порталига кўра, соат 20:30 атрофида Тошкент ҳавосида майда PM-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 212 мкг/м3ни ташкил этган бу “жуда зарарли” таснифидаги кўрсаткич бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 42,4 баробарга кўпдир.

ЖССТга кўра, ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари орасида саломатлик учун энг катта хавф туғдирадигани айнан PM-2,5 дисперс зарраларидир.

IQAir сайтидан скриншот
Дунёдаги йирик шаҳарларнинг ҳаво сифати бўйича IQAir рейтинги

“Ўзгидромет” соат 17:15 да эълон қилган огоҳлантиришида соат 18:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайишини маълум қилган, бунга узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг бўлмагани ва ҳаво ҳароратининг инверсияси сабаблигини қайд этганди.

Синоптиклар Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига кучли ҳаво ифлосланиши шароити учун қуйидаги тавсияларни берди:

  1. Имкони борича, уйдан чиқмасликка ҳаракат қилиш керак.
  2. Кўчада бўлганда, албатта тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш лозим.
  3. Нафас қайтиши, бурун битиши, акса уриш, тумов, кўзлар қизариши ва қичишиши, томоқда қаттиқ қичишиш, йўтал пайдо бўлганда зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат қилиш лозим.
  4. Тузли эритмада бурун ва томоқни чайиш, ойналарни ёпиқ ҳолатда сақлаш, ойналар олдида ҳўл сочиқларни ёйиб қўйиш тавсия этилади.

“Ўзгидромет” атмосфера ҳавосининг ифлосланиши долзарб муаммога айланиб бораётганини таъкидлаб баёнот чиқарди.

“Узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг йўқлиги, кучсиз шамоллар, ҳароратнинг инверсияси атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон беради, бу эса ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши учун шароит яратади.

Республикамизда ҳавонинг чанг билан ифлосланиши нафақат табиий хусусиятлар (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар), балки антропоген ифлосланиш (автомобил чиқиндилари, саноат, қурилиш, иссиқлик электр станциялари) билан ҳам боғлиқ.

Шаҳардаги атмосфера бўшлиғининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, дарахтларни кесиш, майсазорлар ва магистрал йўлларнинг кенг кўламда суғорилишининг мавжуд эмаслиги – буларнинг барчаси метеорологик шароитлар ва антропоген юкланишга, ҳавонинг юқори ифлосланишига олиб келади.

Охирги кунларда кечки ва тунги вақтда Тошкент шаҳрида ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда. Ҳарорат инверсияси туфайли кечқурун ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон беради, ҳавода ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши учун шароит яратади”, – дейилади Ўзбекистон Гидрометеорология маркази ахборотида.

Инфографика: “Ўзгидромет”
Тошкент, 17 октябр оқшомида / Фото: “Ўзгидромет”

Маълум қилинишича, бундан икки кун олдин – 15 октябрь соат 23:00 да 170C ҳаво ҳароратида РМ2,5 майда дисперсли зарралар концентрацияси 62 мкг/м3 ни ташкил этган. Ҳарорат кўтарилиши билан ҳавонинг ифлосланиши камаяди.

“Шаҳарда узоқ вақт давомида ёғингарчилик камлиги ва катта антропоген юк туфайли автомобил йўлларига сув сепиш ва тозалаш, қурилиш объектларида чангни камайтириш чораларига, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича кўпроқ тадбирлар амалга оширилиши керак”, – дейилади синоптиклар ахборотида.

Тошкент шаҳрида ҳавонинг РМ2.5/РМ10 майда дисперсли заррачалар билан ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумот “Ўзгидромет”нинг monitoring.meteo.uz ва халқаро IQAir сайтида эълон қилиб борилади.

Мавзуга оид