АҚШ: Эронликлар Россияга Украинага дронлар билан ҳужум қилишда ёрдам берган
Вашингтоннинг фикрича, Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудига учувчисиз учоқлардан зарбалар берган пайтда, Эрон ҳарбийлари Қримда бўлган ва русларга техник ёрдам кўрсатган.
Эронлик экспертлар, эҳтимол, Россия армиясига Украина ҳудудига учувчисиз учоқлардан зарбалар беришда техник ёрдам кўрсатган. Бу ҳақда 20 октябр, пайшанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилди. «Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Эрон ҳарбийлари Қримда бўлган ва Россияга ушбу операцияларни ўтказишда ёрдам берган», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиряпти Reuters.
Вашингтоннинг фикрича, Эрон рус ҳарбийларини Эрон учувчисиз учоқлари билан ишлашга ўргатиш ва уларга техник ёрдам кўрсатиш учун «нисбатан оз сонли» мутахассисларни юборган. Шу билан бирга, Украинага ҳужумлар пайтида дронларни айнан руслар бошқарган, дея таъкидлади Кирби.
Унинг қўшимча қилишича, Россия аллақачон Эрондан «ўнлаб» жанговар дронларни олган ва бу етказиб бериш давом этиши мумкин. Кирби, шунингдек, Москва Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Теҳрондан бошқа қуроллар, масалан, ер-ер синфидаги ракеталарни олиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Эрон камикадзе-дронлари ракеталар билан бирга Россия Қуролли кучлари томонидан 10 октябрдан бери Украина ҳудудига йирик зарбалар беришда фойдаланилмоқда. 18 октябр куни Reuters агентлиги Теҳрондаги манбаларига таяниб, Эрон Россияга кўпроқ учувчисиз учоқлар, шунингдек, ер-ер синфидаги ракеталар етказиб беришни ваъда қилгани ҳақида хабар берди.
Айни пайтда, Украина Исроилдан Эрон дронларининг ҳужумларини қайтариш имконини берувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сўради. Бироқ кузатувчиларнинг фикрича, Тел-Авивда 1 ноябрда Исроилда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари парламент сайловларидан сўнг янги ҳукумат тузилишидан олдин бундай қарор қабул қилиниши даргумон.
Мавзуга оид
19:41 / 11.10.2024
Эрон Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа нефт объектларига ҳужум уюштириш билан таҳдид қилди
18:31 / 11.10.2024
Шавкат Мирзиёев Эрон президенти билан учрашди
19:33 / 09.10.2024
Эрон Исроил билан можарода Россиянинг ёрдамига умид қилиши мумкинми?
22:07 / 07.10.2024