Россияга экспорт ўсмоқда, Туркия ва Хитойга эса камаймоқда — 2022 йилда Ўзбекистоннинг 9 ойлик ташқи савдоси
Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 36 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,2 фоизга ўсган. Шундан импорт ҳажми 22 млрд долларни, экспорт эса 14 млрд долларни ташкил этган. Импорт ва экспортнинг ўсиш темпи мос равишда 22,3 фоиз ҳамда 35,7 фоизни ташкил этган.
Ташқи савдомизнинг салбий салдоси қарийб 8 млрд долларга етган. Таққослаш учун 2021 йилнинг мос даврида ташқи савдомизнинг салбий салдоси 7,6 млрд долларни ташкил этган эди.
Ташқи савдо айланмамизда МДҲ мамлакатларининг улуши йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, жорий йилда МДҲ мамлакатларининг ташқи савдо айланмасидаги улуши қарийб 39 фоизга етиб, ўтган йилги даражадан бироз ошган, бу кўрсаткич 2020 йилда 30,5 фоизни ташкил этган эди. 2019 йилда эса 34 фоизга тенг бўлган, 2018 йилда эса тахминан жорий йилги даражада шаклланган.
Иқтисодчи эксперт Миркомил Холбоевнинг ёзишича, сўнгги беш йилдаги тенденция шуни кўрсатадики, МДҲ мамлакатлари билан савдомиз (улуши) пандемиядан олдин сезиларли темпда камайишни бошлаган эди, аммо 2021 йилда МДҲ мамлакатлари (хусусан, бу тенденцияда Россия билан савдомизнинг ўсиши асосий ролни ўйнаган) билан савдомизнинг улуши юқори суръатларда ўсиш қайд этишни бошлади ҳамда бу тенденция жорий йилда ҳам давом этмоқда.
Экспорт
Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида жами 780 млн долларлик табиий ҳамда сунъий газ экспорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда газ экспорти 1,5 баробарга ошган. Нефт экспорти эса 111 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2 баробарга ошган.
Экспорт товарлари орасида электр генератори машина асбоб-ускуналари экспорти энг юқори ўсишга эришган бўлиб, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда бу товар экспорти 23 баробарга ошиб 121 млн АҚШ долларини ташкил этган.
Сентябр ойида мамлакатимиз олтин экспорт қилмаган. Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз жорий йилда сўнгги марта март ойида олтин экспортини амалга оширган эди. Шундан буён ҳеч қайси ойда олтин экспорт қилинмаган. Бу ҳолатни жаҳон бозорида олтин нархининг пасайиб бориш тенденцияси билан изоҳлаш мумкин.
Асосий савдо ҳамкорларимиз орасида Россияга экспортимизнинг ўсиши йилдан-йилга тезлашиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Хусусан жорий йилда мураккаб минтақавий геосиёсий вазиятга қарамасдан Россияга экспортимиз ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга ошган, 2021 йилнинг мос даврида ўсиш суръати 39 фоизни ташкил этган эди.
Хитойга экспортимизнинг ўсиш темпи эса секинлашиб бормоқда, хусусан 2021 йилнинг мос даврида Хитойга экспортимизнинг ўсиш темпи 31 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсатгич бор йўғи 12,6 фоизни ташкил этган холос. Хитойга экспортимизнинг қисқаришини Хитойдаги иқтисодий ўсишнинг секинлашиши билан изоҳлаш мумкин.
Яна бир асосий ҳамкоримиз бўлган Туркияга экспортимиз жорий йилда 4,2 фоизга қисқарган, 2021 йилнинг мос даврида бу давлатга экспортимиз қарийб 2 баробарга ўсган эди. Туркияга экспортимизнинг қисқаришини лиранинг қадрсизланиб бориши ҳамда 2021 йилдаги истисноли юқори ўсиш билан изоҳлаш мумкин.
Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида жами 2,4 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсган. Тўқимачилик маҳсулотлари таркибида ип-калава экспорти 1,6 фоизга қисқарган.
Таққослаш учун: 2021 йилнинг мос даврида ип-калава экспорти қарийб 80 фоизга ўсаётган эди. Туркияга умумий экспортимиз камайиб бораётганлигига қарамасдан, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти юқори суръатларда ўсиб бормоқда (асосан хомашё), хусусан, жорий йилда Туркияга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 60 фоизга ошган. Хитойга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти эса юқори суръатларда қисқариб бормоқда, хусусан жорий йилда Хитойга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қарийб 55 фоизга қисқарган.
Импорт
Импорт товарлари орасида озиқ-овқат ҳамда тирик ҳайвонлар импорти юқори суръатларда ўсмоқда. Хусусан, шакар импорти 40 фоизга ошган, гўшт маҳсулотлари импорти эса қарийб 2 баробарга ошган, донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлари импорти эса 25 фоизга ошганлигини кузатиш мумкин.
Жорий йилнинг 9 ойида газ импорти 39 фоизга қисқарган (Туркманистон билан савдомиз қисқараётганлигини тушунтириб берувчи асосий омил). Электр токи импорти эса 30 фоизга қисқарган.
Машина асбоб-ускуналар импорти 7 млрд долларни ташкил этиб, машина асбоб ускуналарининг умумий импорт таркибидаги улуши 32,1 фоизни ташкил этган.
Мавзуга оид
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
18:23 / 08.10.2024
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти кескин қисқарди. Нега?
11:06 / 29.09.2024
2024 йил 8 ойда Ўзбекистон ташқи савдосидаги етакчи давлатлар маълум қилинди
16:02 / 23.09.2024