Ўзбекистон | 11:44 / 04.11.2022
14879
2 дақиқада ўқилади

Ангрен ва Чирчиқда мактаб жиҳозлари учун ажратилган маблағни талон-торож қилиш ҳолати аниқланди 

Икки мактабда қарийб 600 млн сўм ўғирланган.

Фото: Тергов департаменти

Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларида мактаб жиҳозлари учун ажратилган маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “Т.Z.” МЧЖ раҳбари Г.Қ. Ангрен шаҳридаги мактаб-интернати директори В.У. билан ўзаро тил бириктириб, ушбу мактабга аслида етказиб берилмаган мактаб жиҳозларини қабул қилиб олгани тўғрисидаги ҳужжатларни сохталаштириш орқали 474,3 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “Т.Z.” МЧЖ иш юритувчиси Ф.Қ., ёрдамчиси Ш.А. ва Чирчиқ шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб директори Г.М. билан ўзаро тил бириктириб, ушбу МЧЖ томонидан мактабга аслида етказиб берилмаган офис мебелларини қабул қилиб олганлиги юзасидан ҳужжатларни сохталаштириш орқали 124,2 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекси 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид