Жамият | 09:14 / 06.11.2022
17964
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда тиббиёт коллежига киритиб қўйиш эвазига 500 доллар олган шахс ушланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Наманган, Фарғона ва Бухоро вилоятларида ўқишни кўчириб бериш ҳамда ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Янгиқўрғон тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро Д.Ю. фуқаро И.К.нинг Қирғизистонда жойлашган университетдаги ўқишини танишлари орқали Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириб беришини айтиб, алдов йўли билан 3 минг доллар олгани аниқланган.

Департаментнинг Олот тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.Т. фуқаро Н.А.нинг қизини танишлари орқали қўшни Қозоғистондаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 250 долларни ҳамда фуқаро А.Б.ни Қозоғистонда жойлашган университетдаги ўқишини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириб беришини айтиб, 2 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Департаментнинг Данғара тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро М.Т. фуқаро З.А.нинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Қўқон тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид