Ўзбекистон | 07:36 / 09.11.2022
6730
4 дақиқада ўқилади

Автомактаблар ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш тартиби эълон қилинди

Ички ишлар вазирининг “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Sputnik

Низом автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тартибини белгилайди.

Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш Ички ишлар вазирлиги Академияси Автомактаблар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ташкил этилади.

Автотранспорт соҳасидаги олий таълим муассасасини “Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш” таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича тугатганлардан ташқари барча ўқитувчилар қайта тайёрлашдан ўтиши шарт.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш тингловчи асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида бир ҳафтадаги аудитория соатлари энг юқори ҳажми 36 соатни ташкил этади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни, қоидага кўра, тингловчилар сони 25 нафаргача бўлган гуруҳларда ташкил этилади. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ва Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурларига мувофиқ ташкил этилади. Ўқув машғулотлари Академия бошлиғи томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади.

Қайта тайёрлаш курсларида ўқиш ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш истагини билдирган юридик ёки жисмоний шахс билан Академия ўртасида шартнома тузилганидан сўнг, тўлов асосида амалга оширилади. Буюртмачи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаслиги, тақдим этилган ҳужжатларда ҳақиқий бўлмаган, сохта ва нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шартномада белгиланган миқдордаги тўлов миқдори тўланмаслиги шартнома бекор бўлишига асос бўлади.

Буюртмачи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш учун электрон шаклда тўлов-шартномаси тузади. Тўлов-шартнома ваколатли шахс электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари учун тўлов миқдори тингловчилар сони ва бино-иншоотлар қуввати ўртасидаги мутаносиблиги, таълим жараёни хусусиятлари, бир ўқитувчига тўғри келадиган тингловчилар сони нисбати чекланган нормативлари, ўқитиш муддатлари ва бошқа омиллар билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда қуйидагича белгиланади:

  • автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш курси учун базавий ҳисоблаш миқдори 4,5 баробар;
  • автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ўқитувчиларини қайта тайёрлаш курси учун базавий ҳисоблаш миқдори 4,5 баробар;
  • автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ҳайдовчи-йўриқчилари малакасини ошириш курси учун базавий ҳисоблаш миқдори 5 баробар;
  • автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари ўқитувчилари малакасини ошириш курси учун базавий ҳисоблаш миқдори 8 баробари миқдорида.

Қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш курсларига жалб этилган таълим олувчиларни ўқиш жараёнида яшаш жойи ва озиқ-овқат таъминоти ИИВ Академияси ҳисобидан амалга оширилмайди.

Ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб, қуйидаги тартибда белгиланади: ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларни қайта тайёрлаш 2 ҳафта (72 соат); ҳайдовчи-йўриқчилар малакасини ошириш 2,5 ҳафта (90 соат); ўқитувчилар малакасини ошириш 4 ҳафта (144 соат).

Мавзуга оид