Ўзбекистон | 07:57 / 17.11.2022
10388
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик имом-хатиблар АҚШдаги ватандошлар билан учрашди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация АҚШнинг Пенсильвания, Нью-Йорк, Оҳайо штатларида бўлди.

Фото: muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, делегация у ерда истиқомат қилаётган ватандошлар билан бирга турли тадбир ва маросимларда қатнашди. Бундай учрашув Филадельфия шаҳридаги Исабет Ислом Академияси мажмуасида 500 дан ортиқ ватандошлар иштирокида ташкил этилди.

Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида “Mahalla USA” ва “Ватандош” нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Абу-Ҳанифа” масжиди жамияти раҳбар ва фаоллари ватандошлар томонидан янги бунёд этилган “Абу-Ҳанифа” масжиди ҳамда Нью-Йорк шаҳридаги “Emir Palace” марказида турли диний суҳбатларда қатнашди. Ушбу тадбирларда мингдан ортиқ ватандошлар фаол қатнашиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон имом-хатиблари “Mahalla USA” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида ташкил этилган “Зиё Арт” ўқув маркази ва “Пахтакор-Нью-Йорк” клублари фаолияти билан танишди. Марказда таҳсил олаётган ёш болалар ва уларнинг ота-оналари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда имом-хатиблар ёшларни миллий руҳда тарбиялаш, фарзандлар одоб-ахлоқи ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида мавъиза қилдилар. Ватандош ташкилотлар фаоллари АҚШдаги ўзбекистонликларни тарихий ватан атрофида жипслаштиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирди.

Уламолар Оҳайо штатидаги Цинциннати шаҳрига сафар доирасида қурилиш ишлари бошланган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди қурилишини кўздан кечирдилар, масжид лойиҳаси билан танишиб, қурилишга оид ўз таклиф-мулоҳазаларини айтиб ўтдилар. У ерда Қуръон тиловати ва хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари “Greater Cincinnati” Ислом маркази директори Ашраф Тарабилсин ва имоми Шайх Муса билан учрашиб, ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган ватандошларнинг жипслигини янада ошириш, Ислом маърифатини кенг ёйиш бўйича ўзаро суҳбатлашишди.

Оҳайо штатида истиқомат қилаётган 600 нафарга яқин юртдошимиз иштирокида Ислом марказида ташкил этилган диний суҳбатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан республикада диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, диний эркинликларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, янгиликлар ҳақида фикр алмашилди.

Суҳбат давомида ўзбекистонлик имом-хатиблар Ислом дини мазмун-моҳияти ҳақида оят ва ҳадислардан мисол келтириб маъруза қилишди. Мазҳаблар орасидаги фарқлар, “Ҳанафия” мазҳабининг афзалликлари тушунтириб берилди.

Мавзуга оид