Қоровулнинг президент қизи
“Мен ўзим камбағалликда ҳаёт кечирдим ва яшаш учун кураш қанчалик қийинлигини жуда яхши биламан”.
Илм – нажот! Уни эгаллаган одам кам бўлмаган, кам бўлмайди ҳам. Оддий қоровулнинг қизи Ҳалима Ёқуб ҳам илми ортидан бугун ривожланган мамлакатлардан – Сингапурнинг президенти.
Ҳалиманинг отаси Ёқуб ҳинд мусулмони бўлиб, қоровуллик қилиб кун кечирган. Онаси эса малай миллатига мансуб бўлган. Ҳалима 8 ёшлигида отаси юрак хуружидан вафот этади. Қоровуллик ортидан ҳаминқадар ўтиб турган рўзғорларини тебратиш қийин бўлиб қолади.
Онаси беш фарзандини боқиш учун кўчада таом сотиб кун кўра бошлайди. Ҳалима онасига бу ишда кўмаклашади.
Ҳалима Ёқуб ўзининг ёшлик йиллари ҳақида шундай дейди: “Ўн ёшимдан бошлаб, мактабдан бўш вақтларимда онамга ёрдамлашишга мажбур бўлганман, столларни артиш, идишларни ювиш, тозалаш, келганларга хизмат кўрсатиш каби ишларни яхши уддалай олганман.
Мен ўзим камбағалликда ҳаёт кечирдим ва яшаш учун кураш қанчалик қийинлигини жуда яхши биламан”.
Ҳалима иккинчи синфда кўп дарс қолдиргани сабабли мактабдан ҳайдалишига бир бахя қолган, лекин онасига ёрдам беришдан тўхтамаган, ўқиш ва ишни тенг олиб боришнинг уддасидан чиққан.
Йўқчилик сабаб мактабга боришда қийинчиликларга учраган бўлса-да, қизалоқ ўқишга уқувли чиқди. У фанларни жуда яхши ўзлаштиради ва мактабни имтиёз билан тамомлайди.
Кейин у Сингапур университетига кириб, 1978 йилда ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олади. 47 ёшида, яъни 2001 йилда Сингапур Миллий университетида ҳуқуқ магистри даражасини олади. У 2016 йил 7 июлда бу университетнинг фахрий ҳуқуқ доктори унвонига сазовор бўлди.
Қаҳрамонимиз меҳнат фаолиятини Миллий Касаба уюшмалари конгрессида ҳуқуқшунос сифатида бошлаган. Тизимдаги намунали фаолияти ортидан, аёлларни ривожлантириш котибияти ва уюшма юридик хизматларининг турли йўналишлари бўйича директори бўлди. У Халқаро меҳнат ташкилотининг бошқарув органига сайланган биринчи сингапурлик эди.
Ҳалима турли кенгашларда, шу жумладан Сингапур Уй-жой ва тараққиёт кенгаши, Адолатли бандлик амалиётлари бўйича уч томонлама иттифоқ, Аёллар учун бандликни танлаш имкониятларини кенгайтириш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи, Ижтимоий хизматлар миллий кенгаши кабиларда ишлаган.
Илк сиёсий дебюти 2001 йилдаги сайловларга тўғри келди, ўшанда у Журонг региони кенгаши аъзолиги сайланган. Сиёсий фаолияти давомида кейинроқ жамиятни ривожлантириш, ёшлар ва спорт вазири, кейин эса ижтимоий ва оилани ривожлантириш вазири этиб тайинланган.
2013 йилда у Сингапур парламенти спикери бўлган биринчи аёл эди. Тўрт йилдан сўнг, 2017 йил сентябр ойида у Сингапурнинг биринчи аёл президенти бўлди. (Эслатиб ўтамиз, парламентар республикаларга хос равишда Сингапурда ҳам ижро ҳокимиятини асосан бош вазир назорат қилади, президент ваколатлари эса анча чекланган).
Президент сифатида у аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамиятдаги бирликни қўллаб-қувватлаш, динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни илгари сурди.
Ишчи, она сифатида ва касаба уюшмасида тажрибага эга бўлган Ҳалима Ёқуб аёллар ва ишчилар манфаатларини ҳимоя қилди. Бош вазир Ли Сян Лунг Ҳалима Ёқуб ҳақида шундай дейди: “Бизга инсоний туйғулар билан самарали сиёсатни шакллантиришга ёрдам берди”. У ҳукмрон Халқ ҳаракати партиясида энг узоқ муддат хизмат қилган мусулмон аёл сиёсатчидир.
Сиёсатчи кекса ва паст малакали ишчиларни тайёрлашдан тортиб, кексалар ва руҳий касалларга ғамхўрлик қилишгача бўлган ижтимоий масалаларда фаол. У иш ва ҳаёт мувозанатини яхшилаш учун мослашувчан иш тартибини ва оилавий парвариш таътилини қўллаб-қувватлайди. У, шунингдек, аёл давлат хизматчилари учун тенг тиббий имтиёзлар борасида курашади.
Айни пайтда 68 ёшда бўлган Ҳалима Ёқуб карьера билан бир қаторда, оилавий ҳаётини ҳам яхши изга солган. Талабалик даврида Муҳаммад Абдулла Ал Ҳашби исмли инсонга турмушга чиққан ва бугунги кунда улар беш фарзанднинг ота-онаси.
Мавзуга оид
16:17 / 04.10.2024
Ярим асрда биринчи марта: Сингапурда собиқ вазир пора олгани учун қамалди
21:03 / 31.08.2024
Сингапурда эркак хотини билан ажрашиш учун унинг машинасига каннабис ташлаб қўйгани аниқланди
14:02 / 24.08.2024
Сингапур компанияси Ўзбекистонга тўғридан тўғри чартер рейсларини амалга оширмоқчи
09:21 / 25.07.2024