Ўзбекистон | 23:33 / 20.11.2022
36756
2 дақиқада ўқилади

Андижонда кўп қаватли уйда ёнғин чиқди (видео)

Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида йирик ёнғин чиқди. Ёнғинни бартараф этиш учун 12 та экипаж ва 3 та автонарвон жалб этилди. Вилоят ҳокими воқеа жойига етиб борган.

Фото: Видеодан скриншот

20 ноябр куни Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳасида кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин содир бўлди.

ФВВ матбуот хизмати хабар беришича, ёнғин тўғрисидаги хабар вилоят ФВБга соат 21:09 да келиб тушган. Соат 21:18 да воқеа жойига 12 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон етиб борган.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳудудга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳам борган.

Ёнғин соат 21:40 да қуршаб олинган ва соат 22:25 да бартараф этилган.

«Ёнғин оқибатида кўп қаватли уйнинг тахминан 400 кв. м майдонда том қисми ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ», дейилади ФВВ хабарида.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Андижон вилояти ҳокимига ҳам ёнғин тўлиқ ўчирилгани ҳақида ахборот берилган. Вилоят раҳбари вазиятни ўз назоратига олган. 

Вилоят ҳокими топшириғи билан ҳолат бўйича қурилиш штаби ташкил этилган. 21 ноябр куни Андижон шаҳридаги 3-кичик даҳанинг ёнғин содир бўлган мазкур кўп қаватли уйларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади. 

Мавзуга оид