Ўзбекистон | 22:03 / 01.12.2022
8791
4 дақиқада ўқилади

“Рақобатни шакллантириш имконияти йўқ” – Аксилмонопол қўмита UzIMEI борасида муносабат билдирди

Аксилмонопол қўмита UzIMEI, радарлар ва “права” бериш каби давлат функцияларининг давлат ёки хусусий компанияларга берилиши рақобат муҳитига мос ёки мос эмаслиги борасидаги хулосаларини маълум қилди. 

Фото: АОКА

2022 йилнинг 16 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Монополияга қарши кураш қўмитаси раиси Kun.uz мухбирининг қўмита ҳар бир телефон учун ундирилаётган 54 минг сўмлик тўлов калкуляцияси борасида текширув ўтказиши эҳтимоли бўйича саволига жавоб берганди

Қўмита раиси Шоҳрух Шораҳмедов UzIMEI ва шунга ўхшаш ҳолатлар (ягона имтиҳон маркази, радарлар) кун тартибидаги мураккаб масала бўлиб қолаётганини таъкидлаганди. 

“Радарни аукционда бериш, UzIMEI’ни рўйхатдан ўтказиш ёки “права” бериш тадбиркорлик фаолияти эмас, давлатдан рухсатнома бериш жараёни. Шунинг учун давлат функцияси бошқа корхоналарга берилишини назорат қилиш бизнинг қонунимизга мосми, уни назорат қилиш ваколатимизга кирадими ёки бошқа органнинг ваколатими, ишлар тўғри амалга оширилмоқдами, хизматга олинаётган маблағлар тўғрими, шу каби методологик масалалар устида ишлаяпмиз”, - деганди у. 

30 ноябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири қўмита масъулларига ушбу масалани эслатди. 

Қўмита раиси ўринбосари Асадулла Қаюмовнинг сўзларига кўра, қўмита ўтган даврда UzIMEI ва бошқа давлат функцияларнинг хўжалик юритувчи субъектларга ўтказилиши масаласини ўрганиб чиққан. 

“UzIMEI тизими хўжалик юритувчи субъекти томонидан амалга оширилгани билан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қабул қилинган қарор асосида тарифлар қатъий белгиланган. Яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида аниқ белгилаб қўйилган. Хизмат кўрсатиш реглеманти тўлиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан тартибга солинган. Бу ерда рақобат муҳитини нарх жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам шакллантириш имконияти йўқ”, – деди у. 

Шу сабабли у UzIMEI тизимини монопол ёки устун мавқега эга субъект дейишга қонуний асос йўқлигини айтди. Қаюмовнинг таъкидлашича, бу каби хизматларни чорраҳаларда кузатув тизимларини жорий қилиш масаласида ҳам кўриш мумкин. 

“Бунда давлат ўзининг функциясини тадбиркорлик субъектларига бериш орқали амалга оширяпти. Бирорта чорраҳага қайси субъект қулайроқ шартлар берса, ўшани танлаб олиш асосида рақобат муҳити шаклланяпти”, – деди у. 

Қўмита масъули “Ягона имтиҳон маркази” ҳақида гапираркан, ушбу кейсда нархлар тартибга солинмагани боис рақобат шаклланиши эҳтимоли борлиги ва марказнинг рақобат муҳитига таъсирини ўрганиш 2 йил талаб қилишини айтди. 

“(Права бериш) Шу пайтгача давлат функцияси бўлган. Давлат функцияси бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига амалга ошириш учун ўтказиляпти. Тошкент шаҳри ва вилоятида  бундай марказлар очилишни бошлади. Марказларнинг UzIMEI’дан фарқи нархлар тартибга солинмаган, яъни рақобат шаклланиш эҳтимоли бор. Албатта рақобат муҳитига таъсири юзасидан ишларни бошлаганмиз, аммо ҳозирги қонунчилик бўйича субъектларнинг 2 йиллик фаолиятини таҳлил қилишимиз керак.  Амалдаги қонунчилик  2 йиллик айланмани таҳлил қилишни талаб этади. Биз буни айланиб ўтолмаймиз”, – деди у.  

Қаюмовнинг қўшимча қилишича, янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун билан устунлик мавқейини белгилаш мезонлари ўзгартириляпти.  

“Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида агар субъект эксклюзив ҳуқуққа эга бўлса, автоматик равишда устун мавқега эгалиги белгиланган”, – деди у. 

Мавзуга оид