Ўзбекистон | 09:41 / 03.12.2022
9292
5 дақиқада ўқилади

Жамоатчиликка “ёпилаётган” e-qaror: шаффофлик “енг ичига тиқиб” қўйилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахт бюджети тўғрисидаги қарори E-qaror платформасидан йўқолиб қолиб, танқидлардан кейин қайта тикланди. Шундан сўнг платформада ёпиқ қарорлар ҳам маълум чекловлар билан бўлсада акс эта бошлади. Адлия вазирлиги шу йўл билан ҳокимларга ўз қарорларини яширишлари учун қонуний асос яратиб бермаяптими?

E-qaror электрон платформасида ҳокимларнинг қарор ва фармойишлари, кенгаш қарорлари ёпиқ шаклда акс эта бошлади. Яширилган ҳужжатларга “ушбу ҳужжат шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширинган”лиги ҳақидаги изоҳ қўшилган. Энди E-qaror платформасида ёпиқ ҳужжатларнинг ҳужжат тартиб рақами, қабул қилинган вақти ва қайси ҳокимликка тегишлилигига оид маълумотлар акс этяпти.

 E-qaror электрон платформасидан скриншот 

Шу билан бирга, платформада ҳужжат ошкоралиги функцияси қўшилган ва “барча”, “очиқ” ва “яширин” ҳужжатларни филтрлаш имконияти яратилган.  

E-qaror электрон платформасидан скриншот 

Илгари яшириб қўйилган ҳужжатлар платформада акс этмасди ва бу жамоатчиликда саволларни туғдирганди.  

Хусусан, 2022 йилнинг 3 ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги  E-qaror платформасида 2022 йилнинг ярим йиллигидаги шаҳар бюджети даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маҳаллий кенгаш қарорларини эълон қилди. Бироқ орадан икки кун ўтиб, ҳужжатлар йўқолиб қолди. Эътирозлардан кейин қарор яна платформада кўринди. 

Адлия вазирлигининг тушунтириш беришича, қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади. Шундан келиб чиқиб, кенгаш раҳбарлари – ҳокимлар қарорни эълон қилиши ёки қилмаслиги мумкин. Ушбу баёнотдан кейин аниқ бўлдики, E-qaror порталидаги ҳужжатлар ўчириб юборилмайди, балки яшириб қўйилади. 

Адлия вазирлигининг ноябрь ойидаги баёнотида адлия органлари томонидан ҳокимликларнинг 2700га яқин ҳужжатлари асоссиз равишда эълон қилинмагани аниқланиб, кейинчалик ушбу қарорлар билан танишиш таъминлангани келтирилди.

Шундан кейин Gazeta.uz Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ойда 170 та қарор қабул қилгани ва уларнинг қарийб 100 таси жамоатчиликдан яширилганига эътибор қаратди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров E-qaror’даги ёпиқ ҳужжатларнинг нега бутун мазмуни ёпиқ бўлиши борасидаги саволларни ўртага ташлаганди

Биринчидан, ҳоким мудофаа ва хавфсизликка оид қанақа қарор қабул қилиши мумкин? Бу унинг функцияси эмас. Агар шундай қарорлар қабул қилинганида ҳам, қарорнинг мудофаа ва хавфсизликка оид қисми ёки моддаларига махфий сўзини ёзиш мумкин-ку (Президент ва ҳукумат қарорларида шундай қилинади). Яъни бутун бошли қарорни яшириш шарт эмас. 

Иккинчидан, шахсга оид қарорлар бўлса, айнан ўша шахсга оид қисми ёпилган ҳолда қарорни эълон қилишга ким ёки нима халақит қилади? Амалда юзлаб шахслар маълумотларига оид қарорлар базага киритилган. Яъни буям бир баҳона холос. 

Учинчидан, яна қатор қарорлар борки, на мудофаага, на хавфсизликка ва на шахсга оид, ғирт иқтисодий мундарижага эга. Уларнинг яширилиши нима учун?” – дейди у. 

Иқтисодчи фикрининг исботи сифатида халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг VI-43-162-1-0-K/22-рақамли қарорида фуқароларнинг нафақат исми-шарифи, яшайдиган манзилларигача очиқ ошкор кўрсатилганини келтиради.

Теlegramʼдаги Influencer канали кўпинча пулли масалалар бўйича қарорлар E-qaror тизимига жойланмаган ёки жойланган-у, яшириб қўйилганига эътибор қаратади

Бу ҳолат, айниқса, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарорларида кўп кузатилади. Масалан, ҳокимнинг май-август ойларида пойтахтда олтита фестивалга 18 млрд ажратганига доир қарори илова қилинмоқда. Буни E-qaror тизимидан излашнинг фойдаси йўқ, чунки платформада бу қарорни топиб бўлмайди. Қарор эса тўғридан тўғри харидлар портали орқали фестивални ўтказган фирмалардан бирига пул ўтказиш учун илова қилинган ҳужжатлар ичидан юклаб олинган”, – деб ёзди у.

E-qaror платформасининг жамоатчиликка бу шаклда “ёпилаётгани” ҳамда “енг ичига тиқиб қўйилаётган” ҳужжатларнинг аксарияти маблағ билан боғлиқ эканлиги бир қатор саволларни юзага чиқаради. Қолаверса, бу ҳаракат коррупцияни камайтиришдаги энг муҳим омиллардан бири – шаффофликни “хиралаштириб” юбормоқда.

Энг очиқ вазирлик эканлиги таъкидланадиган Адлия вазирлигининг “қонунчиликка мувофиқ фойдаланиши чекланган”, деган асоси эса ҳокимларни ҳимоя қилишга бўлган уриниш бўлиши мумкин. 

Шу ўринда Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бош қотириб кўриши керак бўлган бир масала бор: ҳокимларнинг қарорлари e-qaror тизимига жойлаштирилмаслиги сабаблари ҳуқуқий асосга эга бўлиши, айнан қандай турдаги ҳужжат “яширинган” мақомига эга бўлиши тартиби белгилаб қўйилиши керак эмасми?

Мадина Очилова

Мавзуга оид