Ўзбекистон | 21:08 / 06.12.2022
7159
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида темирйўл симларини ўғирлаган шахслар озодликдан маҳрум этилди

Тошкент вилоятида электровозларини юқори кучланишли электр энергияси билан таъминловчи симларнинг жами 140 метрини ўғрилаган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Уларнинг ҳар бири беш йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ангрен темирйўл йўналишида поездлар ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир қилувчи ўғрилик жинояти содир этган шахслар қамалди.

ДХХ матбуот хизмати хабар беришича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни содир этган уч киши — Олмалиқ шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган, муқаддам ўғрилик учун судланган К.Ж., Урганч шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган С.С. ва Наманганнинг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.Ф. қўлга олинган.

Улар 2022 йилнинг майида Тошкент вилоятидаги Ақча—Облиқ темирйўл бекатлари оралиғидан ўтувчи бетон устунлардаги юк ва йўловчи поездлар электровозларини юқори кучланишли электр энергияси билан таъминловчи симларнинг жами 140 метрини кесиб олиб, Damas’га юклаб, олиб кетаётганида ушланган.

Мазкур шахслар бунга қадар Кучлик-Тўйтепа темирйўл бекатлари оралиғидаги 87,5 метр электр симларини ҳамда Оҳангарон—Ақча темирйўл бекатлари оралиғидаги 100 метр электр симларини ҳам кесиб олиб, сотиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан К.Ж., С.С. ва М.Ф. Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид