Ўзбекистон | 13:55 / 10.12.2022
26079
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ЙҲХБ ходими ўз машинасида икки фуқарони уриб юборди. Йўловчилардан бири вафот этган

Ходимнинг “Spark” русумли автомобили ҳаракат вақтида музламада сирпаниб кетган ва йўл четида кетаётган икки пиёдани уриб юборган.

Фото: ЙҲХБ ахборот хизмати

Андижон вилояти ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, автоҳалокат 2022 йил 9 декабрь куни соат 22:00 ларда содир бўлган.

Қайд этилишича, Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходими Э.М. хизматдан сўнг Асака тумани, “Қашқар” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-112Е автомобиль йўлининг 2-километрида “Spark” русумли автомобилида ҳаракатланиб кетаётган вақтида автомобиль кўприги устидаги музламада транспорт воситаси сирпаниб кетган ва рул бошқарувини йўқотиб, қатнов қисмининг четидан кетаётган икки нафар пиёдани уриб юборган.

Оқибатда, 1994 йилда туғилган пиёда М.К. олган тан жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган. Шунингдек, 2004 йилда туғилган пиёда А.К. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Андижонда автобус ва юк машинаси тўқнашуви оқибатида тўрт нафар йўловчи вафот этганлиги хабар қилинган эди.

Мавзуга оид