“Одам саратондан эмас, хўрликлардан ўлиши мумкин” — зулматдаги аёл ҳикояси
“Энди 30 ёшга кирган бўлсам-да 50 ёшлилардай фикрлай бошладим. Бу нимаданлигини билмайман: аммо шу ёшимда бир фарзандим, танамдаги саратон хасталиги, бузилган турмушдан қолган жароҳатлар билан ота уйимдаман”. “Ҳаётий ҳикоялар”нинг бугунги қаҳрамони саратон билан курашаётиб, тақдирнинг кутилмаган зарбаларига дуч келган аёл.
Келин эмас, қул бўлдим
Ўзим ўқитувчиман, водийдаги зиёли оилада вояга етдим, тинч, соғлом муҳитда ўсдим. Институтни тугатиб турмушга чиқдим. Эрим собиқ ДХХ ходими. Унга ёрдам бўлиши учун ишга кирдим – 2 ставкада ишладим. Шунга яраша маош ҳам олардим. Ойлигимни кредитга олинган уйга тўласам ҳам ўзимнинг эҳтиёжим учун бир тийин ишлатишга рухсат беришмасди. Камига турмуш ўртоғимнинг опа-сингиллари тинимсиз рўзғоримизга аралашиб, жанжал чиқаришарди. Оилада ўзимни келин эмас, қулдай сезардим. Ишлайсан – қўлингда кўнглинг тусаганини олишга пулинг йўқ, рўзғор юкини бир ўзинг кўтарасан – бир нафас дам олишга жойинг йўқ. Оилада ҳамма мени ўз душмани деб биларди, назаримда. Бир оғиз яхши гап, озгина меҳр учун жонимни жабборга бериб ишимни ҳам, рўзғор ишларини ҳам жойида қилишга уринардим.
Ҳомиладорлик даврида ҳамма аёл бошдан кечирадиган вазиятларни мен айтишга ҳам қўрқардим. Чунки эримга мен учун пул сарфлаш тақиқланган эди. Топганим ҳам тийинигача санаб олинарди. Турмушимиз жуда нотинч, калтаклар, хўрланишлар ичида, ҳар куни нимадир бўлишидан қўрқиб яшардим. Ўзим осойишта оилада катта бўлганим учун бундай яшаш менга ғайритабиий туюларди. Қаттиқ стресслар билан орадан бир йил ўтиб ўғил фарзанд кўрдим. Аммо шундан кейин кутилмаганда менда оғир хасталик – саратон аниқланди.
Саратондан ҳам даҳшатлиси олдинда экан...
Кўкрак бези саратонига чалинганимни эшитганимда ҳаммаси тугади деб ўйладим. Лекин ота-онам, боламнинг кўзларига қараганимда уларни хавотирга қўйишга ҳаққим йўқлигини англадим ва курашдим. Даволаниб, касалдан фориғ бўлишим учун ота-онам ва турмуш ўртоғим ёрдам беришди. Икки йил давомида кимётерапиялар, операцияларни бошдан ўтказдим. Орада касалхонадан чиққанимда эса яна қайнонамнинг тинимсиз жанжаллари остида қолардим. Вазият ўзгаришидан умид қилиб, касал ҳолимда келинлик вазифасини ўрнига қўйишга тиришдим. Ишимдан камчилик кўришмаса касал эканимни юзимга солишмас, деган ўйда ўзимни аямадим. Буларнинг ҳаммаси умидларим сўнмаганидан эди. Лекин саратондан ҳам даҳшатлиси, енгиб ўтолмаслигим аниқ бўлгани ҳали олдинда экан. Менга энди фарзанд кўриш мумкин эмас экан. Бунга қандай чидаганимни ўзим ҳам билмайман. Туш кўраётгандай эдим. Оиламизда эса аҳволим аввалгидан ҳам оғирлашган эди. Сабаби энди мен касал, устига устак туғмас хотин эдим. Бор аламимни ишдан олиб, ўғлимни яхши тарбиялаш учун яшашни бошладим.
Касалдан ўлмасам ҳам, калтакдан ўлишим мумкинлигини англадим
Уйимизда эса ҳар куни жанжал, энди эрим ҳам мени одам ўрнида кўрмасди. Бедаво касаллигим камдай, фарзанд кўролмаслигим юзимга солинарди. Ҳаётим қоронғиликдан иборат бўлиб кўринар эди. Саломатлигим ёмонлашиб, бир неча марта отамникига кетдим. Шундай жанжалларнинг бирида қайнонам ва қайнсинглим кетолмаслигим учун уйнинг эшигини қулфлаб қўйишди ва мени аёвсиз калтаклашди. Уларга кучим етмасди. Шундан кейин бу ерда яшасам касалдан бўлмаса ҳам калтакдан ўлишим мумкинлигини англадим.
Ота-онам болам билан бирга олиб кетишди. Эрим орқамиздан бирор марта сўраб келмади ёки моддий ёрдам кўрсатмади. Бунга ажабланардим. Мен учун бўлмаса, фарзанди учун келиши керак дердим.
Орқаворатдан одамлардан эримнинг бошқа оиласи борлиги ҳақида эшитдим. Ишонгим келмади, чунки ҳар не бўлгандаям унинг хиёнати ҳақида ўйламагандим. Афсуски, ҳаммаси ҳақиқат бўлиб чиқди. Менда касаллик аниқлангандаёқ бошқа аёлга уйланиб, фарзандли бўлган ва бундан оиласидагиларнинг ҳам хабари бўлган экан. Ҳозир ажрашишга ариза берганман, аммо ундан кейин қаерда яшайман, бунисини билмайман. Шундоғам дард чангалидан қайтариб олган ота-онамга яна юк бўлишни истамайман.
Инсон тақдирига ёзилганидан қочиб қутулиб бўлмайди. 30 ёшда кўрганларим сабоқлар, хулосалар жуда кўп бўлди. Аммо бунинг сабабини билолмай ҳайронман.
Касал бўлганимдаёқ ажрашганида, ёки кечиб кетганида ҳайрон бўлмасдим. Касал хотин ёқмаслигидан дейиш мумкин эди. Бироқ касал ҳолимда ҳам шунча хўрлашлар ва шунга мажбурлигимни айтиб устимдан кулиш учун виждон қай даражада бўлиши керак? Ёшлигим, соғлигим, умрим бир эшикда хор бўлди – аёл бўлганим учун. Касал ҳолимда ишлаш, рўзғор қилиш, ҳайдалиш ва кўчада қолиш – аёл бўлганим учун.
Айбим аёл бўлиб туғилганимми? Мен яшаётган қишлоқда бундай тақдирлар жуда кўп.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:42 / 08.11.2024
Олимлар саратоннинг энг агрессив шаклларини енгиш усулини ўрганди
15:23 / 30.10.2024
Олимлар саратонни сунъий интеллект ёрдамида даволашнинг янги усулини кашф этди
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
16:30 / 04.10.2024